Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
2024 йил декабрда қандай дам оламиз 2024 йил декабрь ойи учун бош бухгалтер режаси Корхонанинг ташкилий-ҳуқуқий шакли қандай ўзгартирилади Буюртмачи бухгалтерия ҳисобини қандай юритиши керак Солиқ кодексига мувофиқ ҚҚСсиз импорт жиҳозлар учун уч сценарий: сотиш, ижарага бериш ва фойдаланиш пайтидаги солиқ оқибатлари Ўзбекистонда 2024 йил декабрда нималар ўзгаради

Талабни ҳисобга олиш нормаларини қайта кўриб чиқиш вақти келди

18.05.2017

 

Тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишнинг айрим ҳуқуқий жиҳатлари бўйича бизнинг нуқтаи назаримизни кўриб чиқишни таклиф этамиз. Бугун Президентнинг 9.08.1996 йилдаги ПФ-1504-сон «Бюджет билан ҳисоб-китоблар учун хўжалик юритувчи субъектларнинг масъулиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонининг 5-банди диққат марказида.

 

У қуйидагича баён қилинган: «тижорат банклари етказиб берилган маҳсулот (бажарилган ишлар, хизматлар) учун ҳақни бевосита маҳсулот етказиб берувчиларга тўласинлар, тўловларнинг учинчи шахслар ҳисобидан ундирилишига йўл қўймасинлар. Белгилаб қўйилсинки, ушбу тартибни бузиш даромадни яшириш деб баҳоланади ва айбдорларга нисбатан қонунларда кўзда тутилган жазо чоралари қўлланилади».

 

Бизнинг фикримизча, мазкур тақиқнинг ифодаланиши уни амалда рўёбга чиқаришда қатор саволлар ва муаммоларни келтириб чиқаради. 15 фоиздан кам бўлмаган дастлабки тўловни амалга ошириш талаби, бартер операцияларига тақиқ қўйилиши ва бошқалар билан бирга қаторда унинг хўжалик юритувчи субъектларнинг молия-хўжалик фаолияти текширувлари дастурига киритилиши мазкур нормага алоҳида мақом беради.

 

1-муаммо. Кимга татбиқ этилади?

 

Шарҳланаётган норманинг биринчи хатбошисини бир нечта мантиқий қисмларга ажратиб, биз мазкур тақиқ кимга нисбатан жорий қилинганлиги борасида тушунмовчиликларга дуч келдик. Гап шундаки, келишув тарафларининг, масалан харидор ва сотувчининг молиявий ўзаро муносабатларида банк етказиб берилган товар учун тўловни амалга оширувчи субъект ҳисобланмайди. Бу ерда банк шунчаки ҳисобварағини юритадиган мижозининг тўлов топшириқномасини ижро этади, тўловни эса маҳсулотлар харидори амалга оширади. Яъни, банк шартнома тарафи эмас, балки молиявий агентдир.

 

Бу мазкур тақиқ фақат муайян ҳолатларда товарлар харидорлари, иш ва хизматлар буюртмачиларига айланадиган тижорат банкларига татбиқ этилади деган хулосага олиб келиши мумкин. Чунки банк АЖ шаклидаги юридик шахс ҳисобланади ва ўз фаолиятининг моддий-техник таъминотига муҳтож саналади, бинобарин, товар харидори (масалан, офис мебеллари ва техникасини сотиб олиш) ёки ишлар (масалан, офис биносини таъмирлаш) ёки хизматлар буюртмачиси бўлиши мумкин. Бироқ банк фаолияти тўғрисидаги бошқа қонун ҳужжатларида бунинг тасдиғини топа олмадик.

 

Молия вазирлиги, ДСҚ, МБнинг 4.10.1996 йилдаги қўшма тушунтириш-хати  ва МБнинг 17.08.1996 йилдаги 15-01/1567-сон хатида ҳам ушбу масалага аниқлик киритилмаган. Қолаверса, ушбу ҳужжатлар норматив-ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланмайди.

 

Таҳририят фикри: тадбиркорлик субъекти ҳақлиги презумпцияси нуқтаи назаридан қандай назарий хулосаларга келмайлик, кўрсатилган нормани қўллаш амалиётини назорат органлари белгилашади ва уни биргина маънода талқин қилишади: уларнинг фикрича, тақиқ барча юридик шахсларга нисбатан амал қилади. 

 

Банклар эса шу каби операцияларни мониторинг қилишлари ва уларнинг амалга оширилишига йўл қўймасликлари шарт. Гарчи, бугунги кунда, олисдан тўловни амалга ошириш тизимлари ривожланиши билан ("Банк-мижоз") бунинг деярли имкони бўлмаса ҳам.

 

2-муаммо. Қонунчиликдаги зиддиятлар

 

Фуқаролик ва хўжалик (тадбиркорлик) ҳуқуқи нуқтаи назаридан муқобил талабларни ҳисобга олиш нафақат тақиқланмаган, балки ҳатто қонунда тўғридан-тўғри кўзда тутилган. Фақат алоҳида ҳолатларгина қоидадан истисно қилинади, масалан, даъво муддати ўтган талаблар ёки алиментлар ундириш ҳақидаги талаб (ФК 344-модда). Шуни ҳам қайд этиш жоизки, мутлақо қонуний битимлар, масалан, талаб ҳуқуқидан воз кечиш ёки қарзни ўтказиш (ФКнинг 345-моддасида кўзда тутилган) муқобил бир хилдаги талабларни ҳисобга олиш билан боғланган.

 

Расмий-юридик нуқтаи назардан қонун ҳисобланадиган Фуқаролик кодекси қонуности ҳужжати саналадиган Президент Фармонига нисбатан кўпроқ кучга эга. Бизнинг ҳолатда ФКнинг 343-345-моддаларининг амал қилиши “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонуннинг 16-моддаси қоидаларига кўра 9.08.1996 йилдаги ПФ-1504-сон Фармоннинг 5-бандини амал қилишини тенглаштиради.

 

Таҳририят фикри: шунга алоҳида эътиборни қаратмоқчимизки, амалда баъзи маҳсулот етказиб берувчилар (иш, хизмат бажарувчилар) мазкур нормани нотўғри талқин қилишади ва, масалан, топшириқ, кафиллик, комиссия, қарзни ўтказиш шартномаси ва бошқалар бўйича учинчи шахслардан тўлов қабул қилишни рад этишади.

 

Бизнинг фикримизча бу нотўғри: мазкур битимлар бутунлай қонунга мувофиқдир, 9.08.1996 йилдаги ПФ-1504-сон Фармоннинг 5-бандида назарда тутилган тақиқ эса мазкур ҳолатларга нисбатан татбиқ этилмайди (тўловни бевосита етказиб берувчиларга амалга ошириш таклиф этилади, аммо тўлов бевосита харидорлар томонидан амалга оширилиши керак, деган талаб мавжуд эмас).

 

3-муаммо. Ҳар қандай ҳолатда бош тортишми?

 

Бизни қизиқтираётган норманинг иккинчи хатбошиси – унинг якуний мантиқий қисми – қонун чиқарувчининг далилларини очиб беради. Ҳақиқатан, тақиқ, қоидага кўра, қонунга хилоф фаолиятнинг олдини олишга қаратилган ва шу маънода ҳуқуқий тартибга солишнинг энг таъсирчан усули саналади. Аммо мазкур ҳолатда биз МЖтК, ЖК, СК ва Олий суд Пленуми қарори кўринишидаги мустаҳкам норматив базага эгамиз, улар солиқ ва бошқа мажбурий тўловлардан қасддан бўйин товлаш таркибининг барча элементларини батафсил очиб беради.

 

Ҳамма ҳолатларда ҳам учинчи шахслар билан ҳисобга олиш солиқдан бўйин товлашга олиб келадими? Бундай эмаслиги кўриниб турибди. Бу мазкур тақиқни аввал-бошдан унга жо бўлган маъносидан маҳрум қилади. Шунга қарамай, айбдорлик жавобгарлиги тамойили ҳеч қандай ҳолатда бузилмаслиги керак: агар шундай фактлар барибир бўлса, айбдорлар қонунга мувофиқ ўз ҳаракатлари учун жавоб беришлари керак.          

 

Хулосалаймиз: учинчи шахслар билан ҳисоб-китобга тақиқ, ўзининг бугунги кўринишида архаик, юридик нуқтаи назардан ҳаддан ташқари зид нормадир ва унинг амалини бекор қилиш зарур.

 

Таҳририятдан: модомики бугунги мақоламизда баён қилинганларнинг барчаси бевосита бизнесни либераллаштиришга қаратилган экан, Президентнинг «Ишбилармонлик муҳитини яхшилаш ва тадбиркорлик ташаббусини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони лойиҳасининг 3-бандига (1.07.2017 йилдан бекор қилиниши керак бўлган талаблар) қуйидаги мазмундаги хатбошини киритиш мақсадга мувофиқ бўлган бўлар эди:

«етказиб берилган маҳсулотлар (ишлар, хизматлар) учун тўловни учинчи шахслар билан ҳисоб-китоб қилишга йўл қўймаган ҳолда бевосита етказиб берувчиларга амалга ошириш тўғрисида».

 

Олег Заманов, экспертимиз.

 

Валюталар курси

2024-11-29
  • USD:12865.05 (+0.00) сум
  • EUR:13550.76 (+0.00) сум
  • RUB:116.73 (+0.00) сум

Янги сонларда ўқинг

2024, 26 ноябрь№ 48