“Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2019 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси қуйи палата томонидан қабул қилинди.
Эслатиб ўтамиз, яқинда Қонунчилик палатасининг мажлисида депутатлар қонун лойиҳасини кўриб чиқиб,танқид қилишган ҳамда соҳа қўмитасига Ҳукумат аъзолари, вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ҳужжатни қайта ишлашни топширишган эди (батафсил қаранг).
Навбатдаги мажлисда 11 декабрь куни мазкур қонун лойиҳаси қайта кўриб чиқилди, уни қайта ишлаш юзасидан ахборот эшитилди. Қуйидаги ўзгартиришлар ажратиб кўрсатилади:
биринчидан, қонун лойиҳасининг номи ўзгартирилди. У ҳужжатнинг мазмунига мослаштирилди ва энди “Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2019 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” деб номланди.
иккинчидан, дастлаб Солиқ кодексининг 22-моддасида солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлагандан кейин хусусий корхона мулкдори, оилавий корхона иштирокчиси ҳамда фермер хўжалиги ихтиёрида қоладиган даромадларидан олинадиган дивидендлардан солиқ ушлашни назарда тутадиган нормани бекор қилиш таклиф этилган эди. Бироқ муҳокама ва батафсил таҳлилдан кейин амалдаги тартиб сақлаб қолинди. Яъни, кўрсатиб ўтилган субъектларнинг дивидендига солиқ солишни назарда тутувчи норма олиб ташланди;
учинчидан, СКнинг 681-моддаси “Солиқ тўловчиларни паспортлаштириш” солиқ тўловчиларнинг манфаатларини ҳисобга олиб соддалаштирилди. Белгиланишича, паспортлаштириш ҳар йили эмас, балки 3 йилда бир маротаба ўтказилади. Солиқ тўловчиларни паспортлаштириш натижасида тузилган далолатнома солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблашга асос бўлишига доир норма, шунингдек, бу жараёнга ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларини жалб этишга оид норма чиқариб ташланди. Паспортлаштириш жараёни тадбиркорларнинг молиявий-хўжалик фаолиятига аралашувларни назарда тутмайди.
тўртинчидан, “мавзуга оид экспресс ўрганишлар”, “хронометраж кўздан кечириш”, тафтиш ўтказиш, текшириш сингари солиқ назоратининг шакллари қайтадан кўриб чиқилиб, такомиллаштирилди. Уларнинг аниқ субъектлари кўрсатиб ўтилди ва кодекснинг тўғридан-тўғри амал қилиш устуворлиги таъминланди.
Якка тартибдаги тадбиркорлар фаолиятини тугатиш билан боғлиқ якуний текширув фақат ягона солиқ тўлови тўловчиси – якка тартибдаги тадбиркорга (оддий ширкат ишларини юритиш зиммасига юклатилган (ишончли шахс) шерик (иштирокчи) татбиқ этилиши аниқ кўрсатиб ўтилди . Бу солиқ органлари олдида турган вазифа – солиқ тушумларининг тўлиқлигини таъминлашга ёрдам беради;
бешинчидан, лойиҳанинг дастлабки таҳририда Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси тасарруфидаги ҳудудий бўлинмалар ва унитар корхоналарнинг харажатларини ҳудудлар бюджетлари ҳисобидан молиялаштириш таклиф этилган эди. Лекин ОАВнинг тўртинчи ҳокимият эканлигини инобатга олиб, уларнинг маҳаллий ижро этувчи ҳокимиятлардан иқтисодий мустақиллигини таъминлаш мақсадида уларга юз бераётган жараёнларга холисона муносабат билдириш юклатилди, уларни республика бюджетидан молиялаштириш тартиби сақлаб қолинди.
Муҳокамалар давомида солиқ тўловчилар манфаатидан келиб чиқиб, бошқа бир қатор нормалар ҳам қайта кўриб чиқилди. Амалий руҳда кечган мунозаралардан сўнг қонун лойиҳаси қабул қилинди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси материаллари асосида.