23 июнь сешанба куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи мажлиси бўлиб ўтди.
Даставвал депутатлар томонидан мажлис ўтказиш тартиби ҳал этилди. COVID-19 пандемияси муносабати билан 16 апрель куни тасдиқланган ялпи мажлисларни видеоконференцалоқа режимида ўтказишнинг вақтинчалик регламентига тузатиш киритилди. Энди парламент аъзолари томонидан масофавий режимда конституцион қонунлар қабул қилиниши, уларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.
Сўнгра қонун лойиҳалари муҳокама қилинди. Улар қаторида қуйидаги ўзгартиришлар назарда тутилган тузатишлар ҳам бор:
- МЖТКга – экологик ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик кучайтирилади, табиатни муҳофаза қилиш органларининг давлат инспекторларига Давлат экология қўмитаси номидан ишларни кўриб чиқиш ва маъмурий жарималар солиш ҳуқуқи берилади;
- «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида»ги ҳамда «Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисида»ги қонунларга – қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъекти (унинг вакили) зиммасига маъруза билан чиқиш ва лойиҳани концептуал жиҳатдан асослаш ҳамда депутатлар олдида ҳимоя қилиш вазифаси юклатилади;
- «Парламент назорати тўғрисида»ги Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларига – мансабдор шахснинг номига юборилган депутат (сенатор) сўровига жавоб ушбу шахс томонидан имзоланиши шарт;
«Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги ва «Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида»ги қонунларга, шунингдек ИПКга – акцияларнинг 1%ига эгалик қилувчи акциядорга бошқарув органлари ҳаракатсизлиги оқибатида компанияга етказилган зарарни қоплашни талаб қилиш ҳуқуқи берилади. Бундан ташқари, жамият ва аффилланган шахслар ўртасида тузилган битимлар ҳақидаги маълумотлар битим тузилган вақтдан эътиборан 72 соат мобайнида ошкор этилиши шарт бўлади.