Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 4 апрель куни 2019 йилнинг биринчи чораги якунлари бўйича Давлат бюджетига тушумлар ва экспорт прогнозлари ижроси натижадорлиги ҳамда биринчи ярим йиллик учун белгиланган кўрсаткичларнинг сўзсиз бажарилишини таъминлаш юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди, дея хабар берилади Президентнинг расмий сайтида.
I чоракда мамлакатимиз бўйича бюджет тушумлари тўлиқ ҳамда ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2 баробар кўп бажарилди.
Йиғилишда мамлакатимизнинг экспорт салоҳиятини ошириш чора-тадбирлари муҳокама қилинди. II чоракда ўтган чоракка нисбатан 1,1 млрд долларга кўп экспортни амалга ошириш режалаштирилмоқда.
Кўзланган кўрсаткичларни бажариш мақсадида экспортбоп маҳсулотлар бўйича қандай устунлик жиҳатлар мавжудлиги, қайси ҳудудда қандай маҳсулот етиштириш ва қаерга экспорт қилиш мақсадга мувофиқлиги бўйича қисқа муддатда амалий таклифлар ишлаб чиқишга топшириқ берилди.
Божхонада расмийлаштиришни соддалаштириш бўйича вазифалар ҳал этилади. Мисол учун, мамлакатимизда бу 96 соат вақт олса, хорижда бунга ўртача 12 соату 20 дақиқа кетади, холос.
Бу соҳада «ягона дарча» тизими тўлиқ жорий этилмагани оқибатида тадбиркорлар ўз маҳсулотини экспорт қилишга рухсат олиш учун камида 10 та идорага бориши лозим. Шу муносабат билан Вазирлар Маҳкамасига ташқи иқтисодий фаолият билан боғлиқ давлат хизматларини қамраб олувчи ушбу тизимни жорий этиш топширилди.
ДБҚга пишиқчилик даврида божхона постларининг ўтказувчанлигини ошириш ва тирбандликка йўл қўймаслик учун тегишли чоралар кўриш вазифаси юклатилди.
Транспорт-логистика харажатларининг юқорилиги экспортни оширишга салбий таъсир кўрсатаяпти. Ушбу муаммони ҳал этиш йўлидаги биринчи қадам сифатида жорий йил февраль ойида юртимизга импорт қилинадиган вагонлар божхона божларидан озод қилинди.
Транспорт вазирлигига мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини амалга оширишда темир йўл транспортининг имкониятларидан кенг фойдаланиш, «ягона дарча» тамойили асосида соддалаштирилган механизмни жорий этиш вазифаси қўйилди.
Юк транспорти паркини кескин ошириш учун ишлаб чиқарилганига 4 йилдан ошмаган автомобиль транспорт воситаларини сотиб олиш учун кредитлаш тизимини жорий этиш бўйича таклиф киритилади.
Йиғилишда солиқ ислоҳотига катта эътибор қаратилди, бу ҳақда buxgalter.uz сайтида ўқинг.