Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Ўзбекистонда юридик шахслар коммунал хизматлар учун қанча тўлайди: амалдаги тарифлар Ит ва мушуклар учун озуқани қайси бирликларида ўлчаш керак Чет эл валютасида тушум келиб тушмаганда нима қилиш керак Чет эл валютасида тушум келиб тушмаганда нима қилиш керак

ЖШДС кимга, қачон ва қанча солинади?

27.09.2017

 

“NORMA” профессионал ривожланиш марказида “2017 йилда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи (ЖШДС)ни ҳисоблаш ва тўлаш” мавзусида семинар бўлиб ўтди.

 

Бухгалтерлар амалиётда жисмоний шахсларнинг тўловлари билан боғлиқ турли вазиятларга дуч келишади. Масалан, жисмоний шахсларга даромад солиғи солиш керакми ёки йўқ, солиш керак бўлса, қачон, қанча...  Ҳатто тажрибали мутахассисларни ҳам ўйлантириб қўядиган ҳолатлар бўлади. Бухгалтерлик осон иш эмас... “NORMA” ПРМ раҳбари Мўмин Ҳуррамович таъкидлаганидек, идеал даражадаги бош бухгалтер меҳнат қонунчилиги, солиқ солишдан тортиб, ҳақ тўлаш ва ҳисоб-китоблар билан боғлиқ жами 251 та йўналишни ўзлаштирган бўлиши керак экан...

 

Бош бухгалтерлар, ҳисоб-китоб юритувчи бухгалтерлар, аудиторлар ва уларнинг ёрдамчилари — жами 50 киши йиғилган семинар иштирокчиларни Марказнинг ССП, Молия ва Иқтисодиёт университетлари ҳам ҳамкорлигидаги лойиҳаси bir.uz — бухгалтерларни имтиҳонлаш ресурси билан таништириш билан бошланди. Соҳа мутахассисларининг малакасини ошириш ва малакасини тасдиқлаш мақсадини кўзлаган лойиҳада бухгалтериянинг ҳар бир йўналиши бўйича алоҳида тестлар экспертлар томонидан ишлаб чиқилгани, тестлар ва махсус масалалардан ўтган мутахассисларга гувоҳномалар берилиши, тизим фойдаланувчилари учун жорий йилнинг 4-5 ноябрь кунлари синов имтиҳонлари бўлиб ўтиши режалаштирилгани алоҳида таъкидланди.

 

Тадбирда меҳнатга ҳақ тўлаш, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини ҳисоблашда бухгалтерлар томонидан йўл қўйиладиган одатий хатолар бирма-бир кўриб чиқилди. Семинар бошловчиси — CIPA халқаро сертификати соҳиби, сертификатланган аудитор, тажрибали бухгалтер ва ўқитувчи Игорь Аипкин солиқларни ҳисоблашда биринчи навбатда солиқ тўловчи корхона эмас, жисмоний шахс эканини унутмасликни, ҳисоб-китобларда хатоликларга йўл қўйиш давлат ёки ходимнинг манфаатларига путур етказиб қўйиши мумкинлигини айтиб ўтди.

 

Хатоларга йўл қўймаслик учун мисоллар билан амалий маслаҳатлар берди, ЖШДСни ҳисоблаш, солиқ имтиёзларини қўллаш (олий таълим муассасаларида ўқиш, моддий ёрдам, кредитлар ва бошқалар борасида) бўйича тушган саволларга Қонун ҳужжатлари тўпламидаги моддалар ва бандларни келтирган ҳолда, асосли жавоблар қайтарди.

 

Ҳомиладор аёл ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақани ҳам асосий иш жойидан, ҳам ўриндошлик асосида ишлаётган корхонадан олиши мумкинми?” Қатнашчилардан бири ўртага ана шу саволни ташлади. Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низом (рўйхат рақами 1136, 2002 йил 8 май)нинг 60-бандига кўра:  “ходим асосий иш жойидан ташқари ўша ёки бошқа корхонада ўриндошлик асосида (шу жумладан, юридик шахс бўлмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи шахс сифатида) ишласа, нафақа барча иш жойидаги умумий иш ҳақидан ҳисоблаб чиқарилади”.  Демак, бу саволнинг жавоби “Ҳа”, фақат нафақа пули олган барча иш ҳақи йиғиндисидан ҳисоблаб чиқарилади.

 

Юридик шахс ходимларининг ишга қатнаши учун маблағ ажратса, у қандай ҳолатларда жисмоний шахснинг даромад манбаи саналади?” Шу мавзуда берилган навбатдаги саволга бошловчи шундай жавоб қайтарди:

 

—   Солиқ кодексининг 171-моддасида юридик шахслар амалга оширадиган, аммо жисмоний шахсларнинг даромадига кирмайдиган харажатлар рўйхати келтириб ўтилган. Масалан, юридик шахс ходимини ишга қатнаши учун такси хизматига пул ўтказиб берса, бу жисмоний шахснинг даромади ҳисобланмайди. Юридик шахс ходимга ишга қатнаши учун маблағ ажратиб берса, у ҳолда у жисмоний шахснинг даромад манбаи саналади. Транспортда юриш учун ойлик чипталар ҳам ҳеч қандай ҳолатда жисмоний шахснинг даромади бўлиб саналмайди.

 

Ҳомиладор аёл ҳомиладорлик варақаси бўйича таътилга чиқиши керак. Аммо у ҳали ишга ярашини ва ишини давом эттиришини билдирди. Бундай ҳолатда нафақа пулини қайси муддатдан бошлаш керак. Туғруқ варақасида кўрсатилган кундан бошлабми ёки у таътилга чиққан кунданми?”

 

Ушбу саволга жавобан бошловчи  Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низом (рўйхат рақами 1136, 2002 йил 8 май)нинг 42-бандини келтириб ўтди: “Ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақа (шу жумладан, ҳомила тушган ҳолларда) вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақасида кўрсатилган барча давр учун тўланади”. “Бундай ҳолатда аёл ҳам таътил пулини, ҳам ишлаган кунлари учун иш ҳақини олади”, — деб қўшимча қилди.

 

Бассейн, санаторийга йўлланмаларга ЖШДС солиниш-солинмаслиги бўйича тушган савол ҳам ўз жавобини топди. Солиқ кодексининг 179-моддасида жисмоний шахсларнинг солиқ солинмайдиган даромадлари келтирилган бўлиб, унга кўра, соғломлаштириш муассасаларига йўлланмалар ногиронларга ёки 16 ёшгача бўлган болалар учун қопланганда ЖШДС солинмайди. Бассейн абонементлари учун эса ҳар қандай ҳолатда ЖШДС ушланади.

 

Иш ҳақини тўлов-контракт асосида ўқитиш учун ўтказиш, текширувчи органлар томонидан маҳалладан маълумотноманинг асоссиз талаб этилиши ва соҳа мутахассисларининг бугунги кунда дуч келаётган бошқа муаммолари тадбир давомида батафсил муҳокама қилинди. Йиғилганлар ўзларини қизиқтирган ва олдиндан тайёрлаб келган барча саволларига атрофлича жавоб олишди.

 

Фозила Ашурова, мухбиримиз.