Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2019 йил 6 ноябрь куни бўлиб ўтган мажлисида қатор қонун лойиҳалари, шу жумладан янги таҳрирдаги «Ноширлик фаолияти тўғрисида»ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.
Лойиҳада ноширлик фаолиятининг асоси ҳисобланган «нашр» тушунчасига таъриф берилган. Ушбу соҳа субъектларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларини амалга ошириш усулларини аниқлаш билан бирга, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳам белгиланган. Ҳужжатдан «Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида»ги Қонун ва «Ноширлик фаолияти тўғрисида»ги Қонуннинг амалдаги таҳририга мувофиқ такрорланган нормалар чиқариб ташланди, 50 дан ортиқ таҳририй тузатишлар киритилди.
Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши ёшларнинг маънавий-маърифий, эстетик эҳтиёжларига мос сифатли китобларни нашр этиш, китобларни қулай нархларда жойларга, шу жумладан таълим муассасаларига етказиб бериш имконини яратади. Қонун миллий ва жаҳон адабиётининг энг сара намуналарини таржима қилиш, ўсиб келаётган авлодда болаликдан китобга меҳр уйғотиш, уларда электрон китобларни ўқиш қобилиятини шакллантириш, умуман мутолаа маданиятини юксалтириш учун асос бўлади.
Қонун лойиҳаси ишлаб чиқарилаётган босма маҳсулотнинг қатъий ададий аудитини таъминлаш, ноширлик соҳаси аҳволининг статистикасини шакллантириш ва ривожланиш динамикасини режалаштиришни таъминлаш, халқаро стандартларга мувофиқ ишлаб чиқарилаётган босма маҳсулотларнинг ҳисоби юритилишини ташкил қилиш имконини беради.