7 июнь куни Олий Мажлисда ўтказилган давра суҳбатида «Овчилик ва ов хўжалиги тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.
Овчилик ва ов хўжалигини юритиш соҳасидаги ҳуқуқий база 10 дан ортиқ қонуности ҳужжатларидан иборат, бу муносабатларни тарқоқ ҳолда тартибга солишга, ҳуқуқни қўллаш амалиётида турли қарама-қаршилик ва талқинлар, мураккабликларга олиб келмоқда.
Шу муносабат билан Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти томонидан Қонунчилик палатасининг Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси ҳамда Давлат экология қўмитаси билан ҳамкорликда тўғридан-тўғри амал қилувчи «Овчилик ва ов хўжалиги тўғрисида»ги қонун лойиҳаси тайёрланди. Унда овчилик ва ов хўжалигини юритишга оид барча масалалар батафсил тартибга солинди, унинг амалга оширилиши учун қўшимча норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш талаб этилмайди.
Ҳужжатда соҳага оид давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, ов хўжалигини юритишнинг асосий қоидалари, унинг муддатлари, ов ҳайвонларини тутиш нормалари назарда тутилди. Ов ҳайвонларининг яшаш муҳити устидан давлат мониторинги тизими жорий этилиши, ов қилиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларнинг аниқ рўйхати белгиланмоқда. Ҳар бир ёввойи ҳайвон туридан келиб чиқиб, уларни овлаш учун тўлов миқдорлари илк бор қонун даражасида мустаҳкамланмоқда.
Лойиҳада ов туризмини ривожлантириш, хорижий фуқароларнинг ов қилишини назарда тутувчи қатор чора-тадбирлар белгиланмоқда.
Бугунги кунда республикамизда 38 мингдан ортиқ овчилар рўйхатга олинган, 5 та давлат ўрмон-ов хўжаликлари (умумий майдони – 406 минг гектар) ҳамда Ўзбекистон Овчи ва балиқчилар спорт бирлашмасига қарашли 38 та ов хўжаликлари фаолият юритмоқда.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг материаллари асосида.