Ўзбекистон Инновацион ривожланиш вазири Туркия савдо палаталари ва товар биржалари уюшмаси Венчур капитал кенгаши делегацияси билан $2 млн миқдоридан кам бўлмаган венчур жамғармасини тузиш ҳақида келишиб олди.
Жамғарманинг мақсади - инновацион лойиҳаларни ва стартапларни молиялаштириш орқали юртимиз венчур экотизимини ривожлантириш.
Туркий тилли давлатлар Ҳамкорлик кенгаши (ТТДҲК) йиғилиши доирасида қабул қилинган ҳужжатларида кичик ва ўрта тадбиркорликни ривожлантириш асосий йўналиш этиб белгиланган. Бу қўшма технопарклар, стартап корхоналар, инновацион компаниялар ва венчур компаниялар тузиш орқали амалга оширилади. ТТДҲКга аъзо-давлатларнинг, хусусан Туркиянинг бу соҳадаги тажрибасини ўрганиш ва жорий этиш назарда тутилган.
Томонлар қўшма венчур жамғармасини ташкил этиш билан бир қаторда икки давлат инновацион экотизимини ривожлантиришга қаратилган инвестицион ва венчур ҳамкорлик дастурларини амалга олишга келишдилар. Инновацион лойиҳалар, стартаплар ва бошқа истиқболли лойиҳаларга инвестиция киритиш мақсадида малакали инвесторлар капиталини яратиш, жамлаш ва бошқариш бўйича ҳамкорлик ўрнатилади.