Тадбиркорлар трассаларни йўл ҳаракатини мониторинг қилувчи интеграцияланган тизимлар билан жиҳозлаш, улар бўйлаб автомобиллар вақтинча сақланадиган жойларни, ҳайдовчи ва йўловчилар дам оладиган жойларни, машиналарга хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш сервис марказларини қуриш билан шуғулланадилар.
ҚҲТБТ порталида ИИВ томонидан ишлаб чиқилган Вазирлар Маҳкамасининг «2018–2022 йилларда Ўзбекистон Республикасида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш концепциясини амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори лойиҳаси муҳокама қилинмоқда.
Лойиҳа асосида – йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашда давлат-хусусий шериклик механизмларини жорий этиш ва замонавий йўл инфратузилмасини барпо этиш. Инвесторлар ва тадбиркорлик субъектларига қуйидагиларни тақдим этиш таклифи илгари сурилмоқда:
- янги йўл инфратузилмаси объектларини барпо этиш бўйича инвестициявий мажбуриятларни қабул қилган ҳолда магистрал йўллар участкаларини – 30 йилгача бўлган муддатга;
- йўл ҳаракатини мониторинг қилувчи интеграцияланган тизимлар ҳамда шахсни ва транспорт воситасининг давлат рўйхат рақамини аниқловчи интеллектуал видеокамераларни жорий этиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш учун ер участкаларини – 10 йилгача бўлган муддатга;
- автомобиль йўллари бўйлаб парковка автоматлари ва автомототранспорт воситаларини жойлаштирганлик учун ҳақ тўлаш қоидалари бузилганлиги ҳолатларини қайд этувчи ахборот тизимлари билан жиҳозланган пуллик тўхташ жойларини ташкил этиш учун ер участкаларини – 10 йилгача бўлган муддатга;
- маҳаллий давлат ҳокимияти органлари юритувида бўлган, ш.ж. бозорлар ва савдо комплекслари ҳудудларига туташ ерларда жойлашган автомототранспорт воситаларини вақтинчалик сақлаш жойларини (бундан кейин – автотураргоҳлар), улар негизида автомототранспорт воситаларини жойлаштирганлик учун ҳақ тўлаш қоидалари бузилганлиги ҳолатларини қайд этувчи ахборот тизимлари билан жиҳозланган замонавий пуллик автотураргоҳларни ташкил этиш учун – 10 йилгача бўлган муддатга;
- автомобиль йўллари бўйлаб ҳудудларни ободонлаштириш мажбуриятларини қабул қилган ҳолда йўл инфратузилмаси объектларини, хусусан, ҳайдовчилар ва йўловчилар дам оладиган жойлар, кемпинглар, мотеллар, транспорт воситаларига техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш, автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчалари ва бошқаларни қуриш учун ер участкаларини – 10 йилгача бўлган муддатга.
Санаб ўтилган лойиҳаларда иштирок этадиган тадбиркорларни 2022 йил 1 январгача қуйидагиларни тўлашдан озод қилиш таклиф этилмоқда:
- ҚҚСдан – Ўзбекистон норезидентлари бажарадиган ишлар (хизматлар) учун;
- божхона тўловларидан (божхона йиғимлари бундан мустасно) – белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича мамлакатимизда ишлаб чиқарилмайдиган, олиб келинадиган асбоб-ускуналар, бутловчи буюмлар, дастурий таъминот, қурилиш ва бошқа материаллар учун.
Ўрнатилган интеллектуал видеокамералар ёрдамида аниқланган ЙҲҚ бузилиши ҳолатлари учун жарималар суммаларини қуйидаги тарзда тақсимламоқчилар:
- камида 20%и – Давлат бюджетига;
- 20%и – йўл инфратузилмасини ривожлантиришга мақсадли йўналтирган ҳолда маҳаллий бюджетларга;
- 30%и – ИИВнинг бюджетдан ташқари жамғармасига;
- кўпи билан 30%и – йўл ҳаракати интенсивлигини ва интеллектуал видеокамераларнинг функционал имкониятларини ҳисобга олган ҳолда хусусий шерикнинг счётига.
Пуллик тўхташ жойлари ва пуллик автотураргоҳлардан фойдаланишдан тушган тушумлар суммаси эса, агар лойиҳа ўзгартиришсиз қабул қилинса, қуйидагиларга йўналтирилади:
- кўпи билан 30%и – йўл инфратузилмасини ривожлантиришга мақсадли йўналтирган ҳолда маҳаллий бюджетга;
- камида 70%и – туташ ҳудудда автомототранспорт воситаларининг кўплигини ҳамда парковкаловчи автоматлар ва ахборот тизимларининг функционал имкониятларини ҳисобга олган ҳолда хусусий шерикнинг счётига.
Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги шартнома (битим) муддати тугагач, ўрнатилган йўл ҳаракатини мониторинг қилувчи интеграцияланган тизимлар ва интеллектуал видеокамералар ИИВ балансига топширилиши таклиф қилинмоқда. Хусусий шерик билан битим тузиш орқали уларга келгусида техник ёрдам кўрсатилиши таъминланади. Йўл инфратузилмаси объектларини эса тадбиркорлик субъекти тасарруфига бериш кўзланмоқда.
Лойиҳа рад этилиши, ўзгартирилиши ёки унга қўшимча киритилиши мумкин.
Олег Гаевой.