Вазирлар Маҳкамасининг 20.01.2021 йилдаги «Маданият ва санъат соҳасида давлат-хусусий шериклик асосида бериладиган давлат мулки объектларининг рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида»ги 30-сон қарори қабул қилинди.
Маданият ва санъат соҳасида давлат-хусусий шерикликни янада ривожлантириш, маданият муассасалари тармоғини янада кенгайтириш мақсадида ДХШ асосида бериладиган 172 та давлат мулки объекти рўйхати тасдиқланди.
Белгиланишича, Маданият вазирлиги ва «Ўзбеккино» Миллий агентлиги билан келишилмасдан қуйидагиларни амалга ошириш тақиқланади:
- уларнинг тизимидаги кинотеатрлар, маданият марказлари, маданият ва истироҳат боғлари, театрлар, болалар мусиқа ва санъат мактабларининг кўчмас мулкларини хусусийлаштириш;
- уларнинг ҳудудидаги ер майдонларининг маҳаллий ҳокимликлар захирасига олинишига йўл қўйилмайди.
Бундай объектлар маданият ва санъат соҳасидаги фаолият турини сақлаб қолиш шарти билан давлат-хусусий шериклик асосида тадбиркорларга берилади.
Бунда ташаббускорларга қўшимча шарт-шароитлар яратиш мақсадида хизмат кўрсатиш, кичик ишлаб чиқариш ва савдо фаолияти турлари билан шуғулланишга рухсат берилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 21.01.2021 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова.