Президентнинг 12.12.2018 йилдаги «Фуқароларнинг пенсия таъминоти тизими самарадорлигини ошириш ва пенсионерларни ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони имзоланди. Ҳужжат ЎзАда жойлаштирилган.
Ҳужжатга мувофиқ, 2019 йил 1 январдан бошлаб барча ишловчи пенсионерларга пенсиялар тўлиқ миқдорда тўланади.
Бундан ташқари, худди шу санадан бошлаб пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун иш ҳақининг максимал миқдори ЭКИҲнинг 8 баробаридан 10 баробаригача оширилади. Ушбу оширишни ҳисобга олган ҳолда тўланаётган пенсиялар миқдори қайтадан ҳисоблаб чиқилади.
Эслатиб ўтамиз, ҳозир аксарият ишловчи пенсионерларга тайинланган пенсиянинг 50%и тўланади (20.11.1995 йилдаги ПФ–1289-сон Фармонга қаранг). Айрим тоифадаги пенсионерларгина ишлашда давом этиб, тўлиқ пенсия оладилар (рўйхатга қаранг). Бироқ ушбу ҳуқуқни истисносиз барча пенсионерларга нисбатан татбиқ этиш режалаштирилаётганлиги ҳақида йил давомида гапирилди. Шу жумладан, Президент Конституция кунига бағишланган тантанали йиғилишдаги маърузасида шуни қайд этди.
Олег Заманов.