Президент 9.12.2019 йилдаги “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги ЎРҚ-589-сон Қонунни имзолади (9.12.2019 йилдаги ЎРҚ-590-сон Қонунга қаранг).
Илгари ёзганимиздек, бу каби ҳужжат Ўзбекистонда биринча марта қабул қилинмоқда. У барча даражадаги давлат бошқаруви секторларининг бюджет жавобгарлигини ошириш, бюджет ижро интизомини мустаҳкамлаш, бюрократияни қисқартириш имконини беради, шунингдек маҳаллий ҳокимиятларга кўпроқ эркинлик беради.
Қонун бюджет жараёнининг барча жиҳатларини тартибга солади.
Биринчидан, Олий Мажлис, Вазирлар Маҳкамаси, минтақавий ва маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари, шунингдек Молия вазирлиги ўртасида бюджет ваколатлари тақсимланди. Республика бюджетидан ажратиладиган маблағлардан фойдаланиш, уни қайта кўриб чиқиш ва ўзгартиришлар киритиш тартиби белгиланди.
Иккинчидан, Консолидациялашган бюджет параметрлари тасдиқланди – қонунга иловада барча даражадаги бюджетлар даромадлари прогнози ва харажатлари, давлат мақсадли жамғармалари ҳамда Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг даромадлари прогнози, шунингдек:
- Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган (хизмат кўрсатиладиган), акциз солиғи солинадиган товарларга (хизматларга) акциз солиғи ставкалари;
- жисмоний ва юридик шахслардан олинадиган ер солиғи ставкалари;
- мева-сабзавотчилик маҳсулотлари (сабзавотлар, полиз экинлари, мевалар, токзорлар) билан банд қилинган ерлар учун мева-сабзавотчилик қишлоқ хўжалиги корхоналаридан ундириладиган ер солиғи ставкалари;
- сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари;
- мол-мулкни ижарага берувчи жисмоний шахслар учун белгиланган ижара тўловининг энг кам ставкалари;
- якка тартибдаги тадбиркорлар учун ЖШДСнинг қатъий белгиланган суммалари (2020 йил бошидан бошлаб якка тартибдаги тадбиркорларга ЖШДСни тўлаш тартибини танлаш ҳуқуқи берилади);
- маҳаллий йиғимларнинг чегараланган ставкалари;
- ички ишлар органларида руйхатдан ўтказишда автотранспорт воситаларининг эгалари (фойдаланувчилари) томонидан тўланадиган автотранспорт воситаларини сотиб олганлик ва (ёки) Ўзбекистонга вақтинчалик олиб кирганлик учун йиғимлар ҳамда чет эл давлатлари автотранспорт воситаларининг мамлакатимиз ҳудудига кириши ва ҳудудида транзит харакатланиши учун йиғимлар ставкалари кўрсатилган.
“Хавфсизлик ёстиғи” - Вазирлар Маҳкамасининг (731 млрд. сўм) ва минтақавий ҳокимиятларнинг (тегишли бюджетлар умумий харажатларининг 1,5% фоизи миқдорида) захира жамғармаларини шакллантириш назарда тутилмоқда, улардан бюджет тизими бюджетларини шакллантиришда олдиндан назарда тутиб бўлмайдиган харажатларни, шунингдек ижтимоий-иқтисодий беқарорлик юзага келган вазиятларда амалга оширилиши зарур бўлган тадбирларни молиялаштириш учун фойдаланиш мумкин бўлади.
Бюджет тизими барқарорлигини кафолатлайдиган ҳаракатлар режаси белгиланди. Агар бюджет тизими бюджетларининг 6 ойлик якунлари бўйича даромад прогнозларининг бажарилмаган ва жорий молия йилининг охиригача уларнинг келиб тушишига доир етарли асослар мавжуд бўлмаган ҳоллардада, харажатлар қисқартирилади.
Давлат (Ҳукумат) номидан ёки кафолати остида олинадиган ташқи қарзнинг чекланган ҳажмлари 2020 йил давомида $4млрд ни ташкил этиб, улардан $1,5 млрд – ўзлаштириш (харажатлар).
Тўртинчидан, Қорақалпоғистон Республикаси бюджетини, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларини, туманлар ва шаҳарлар бюджетларини кўриб чиқиш ва қабул қилишнинг, жумладан қўшимча манбалардан фойдаланишнинг янги тартиби белгиланди.
Бешинчидан, мамлакатнинг Консолидациялашган бюджети ижросининг шаффофлиги таъминланади. Хусусан, биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчилар (уларнинг рўйхатини Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлайди), давлат мақсадли жамғармалари, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳар чорак якуни билан (кейинги чорак биринчи ойининг
25 санасига қадар) ўзининг сайтларига:
- ўз тасарруфидаги бюджет ташкилотлари кесимида маблағлар тақсимоти;
- молиявий ҳисоботлар;
- капитал қўйилмалар ҳисобидан амалга оширилаётган лойиҳаларнинг ижроси;
- ўтказилган танлов (тендер) савдолари ва амалга оширилган давлат харидлари тўғрисидаги тегишли маълумотларни эълон қилишлари керак.
Бундан ташқари, ваколатли идораларга ўзларининг расмий сайтларида:
- Инвестиция дастурларида Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган объектларнинг рўйхатини ва лойиҳанинг қиймати ва ижроси тўғрисидаги маълумотларни (Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳамда тегишли бюджет маблағларини тақсимловчилар – доимий равишда);
- солиқ ва божхона имтиёзлари рўйхатини ҳамда тақдим этилган солиқ ва божхона имтиёзларининг миқдори тўғрисидаги маълумотларни (ДСҚ ҳамда ДБҚ – ҳар чорак якуни бўйича);
- молия йилининг биринчи ойида молия йили учун иш режаларини ҳамда назорат тадбирлари натижаларига кўра аниқланган молиявий қонунбузарликлар ва ижобий натижалар ҳақидаги маълумотларни (давлат молиявий назорати органлари - ҳар чорак якуни бўйича);
- бюджетларнинг қўшимча манбалари ҳисобидан харид қилинган товарлар ва хизматлар, қуриш, реконструкция ва таъмирлаш ишлари олиб борилаётган объектлар рўйхати, шунингдек қурилиш-таъмирлаш ишларининг молиялаштирилиши тўғрисидаги маълумотлар (Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари).
Давлат бюджети ижроси, ажратилаётган бюджет маблағларидан фойдаланиш ва эришилган натижалар тўғрисида ҳисобот бериш механизми жорий этилмоқда.
Бундан ташқари, Бюджет кодекси, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг регламенти тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг регламенти тўғрисида”, “Парламент назорати тўғрисида”ги Қонунларга тузатишлар тўплами қабул қилинди, улар юқорида баён этилган барча янгиликларни акс эттиради ва қонун ҳужжатларини Давлат бюджети тўғрисидаги қонунга мувофиқлаштиради.
Қонун “Халқ сўзи” газетасида эълон қилинган ва 10.12.2019 йилдан кучга кирди.
Олег Заманов.