Вазирлик амалга оширилаётган маъмурий ислоҳотларнинг самарадорлиги ва натижадорлигини мониторинг қилиш, ушбу соҳада вазирлик ва идоралар ваколати ва функцияларининг тўлиқ ва сифатли амалга оширилаётганлиги ҳамда белгиланган мақсадларга эришилаётганлигини функционал таҳлил қилиш бўйича ваколатли органга айланди. Бу ҳақда Президентнинг 19 майдаги Фармонида сўз боради.
Адлия вазирлиги зиммасига қўшимча вазифа ва функциялар юклатилди. Вазирликка 2020 йил якунига қадар қуйидаги вазифалар топширилди:
- унинг томонидан ишлаб чиқиладиган НҲҲни тўғридан-тўғри амал қилувчи қонун лойиҳалари сифатида қабул қилиш орқали уларнинг улушини 20%га етказиш, 29 та қонуности ҳужжатлари билан белгиланган жавобгарлик ва санкция нормаларини чуқур таҳлил қилиш ва тегишли қонунларга киритилишини таъминлаш;
- аҳолига кўрсатиладиган давлат хизматлари сонини 15 тага ошириш, электрон шаклда кўрсатиладиган давлат хизматлари улушини 12%га етказиш;
- нодавлат нотариат шаклига айлантирилган давлат нотариал идораларининг улушини 95%га етказиш;
- вазирлик ва идораларнинг камида 10 та функцияларини нодавлат секторга ўтказиш бўйича таклиф киритиш, шунингдек 2018–2019 йилларда янги (қайта) ташкил қилинган 8 та вазирлик ва идоралар фаолиятини ўрганиш.
Келгусида Адлия вазирлиги маъмурий ислоҳотларни мониторинг қилувчи ваколатли орган сифатида янги ёки қайта ташкил қилинган вазирлик ва идоралар, шу жумладан, улар таркибидаги агентликлар, инспекциялар, марказлар ва бошқаларга юклатилган вазифа ва функцияларнинг самарали амалга оширилаётганлигини ўрганади. Улар янги (қайта) ташкил қилинган кундан бошлаб камида 6 ой ўтгандан сўнг ўрганилади. Ўрганиш натижалари бўйича асослантирилган таҳлилий материаллар ва таклифлар Президент Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасига кўриб чиқиш учун киритилади.
Бундан ташқари, вазирлик маъмурий ислоҳотлар доирасида вазирлик ва идоралар томонидан ишлаб чиқиладиган янги ташаббусларни кўриб чиқади ҳамда улар юзасидан хулосалар беради. Уларни инобатга олиш мажбурий.
Адлия вазирлигининг яна бир янги ваколати – вазирлик ва идоралар, улар таркибидаги алоҳида ташкилотларнинг вазифа ва функциялари амалга оширилишининг самарадорлиги кўрсаткичларини (индикаторларини) баҳолаш. Унинг натижаси бўйича қуйидагилар киритилади:
- Вазирлар Маҳкамасининг Раёсати мажлисида муҳокама қилиш учун умумлаштирилган ҳисобот;
- белгиланган кўрсаткичларга эришмаган давлат органлари мансабдор шахсларига нисбатан тегишли жавобгарлик чораларини қўллаш бўйича таклиф.
Наманган шаҳри ва Қарши туманида эксперимент тариқасида давлат органлари ва ташкилотларига юридик хизматлар кўрсатиш марказлари ташкил этилади. Улар тегишли ташкилотда юридик хизматларга юкланган вазифа ва функцияларни амалга оширади. Тегишинча, бюджетдан молиялаштириладиган юридик хизматлардаги мавжуд штат бирликлари қисқартирилади. Кейинги йил бошидан ушбу тизим республиканинг барча ҳудудларига татбиқ этилиши мумкин
Адлия вазирлиги марказий аппарати тузилмасига муайян тузатишлар киритилди. Вазирлик ҳузуридаги «Адолат» ҳуқуқий ахборот маркази, «Инсон ва қонун» газетаси ҳамда «Ҳуқуқ ва бурч» журнали таҳририятларини бирлаштириш йўли билан уларнинг негизида «Адолат» миллий ҳуқуқий ахборот маркази ташкил этилади.
Олег Заманов.