Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Умумий сотиш ҳажмида ўз маҳсулоти 90 фоиздан кам бўлса, умумий овқатланиш корхонаси қишлоқ хўжалик маҳсулотлари харидини қандай расмийлаштириши керак Ўзбекистондан ташқарида товар харид қилиш ва ташиш қандай солиқ оқибатларига олиб келади Қандай қилиб ҚҚС ҳисоботини тўлдириш ва солиқни тўлаш керак

Аҳоли ФВдан комплекс равишда муҳофаза қилинади

15.04.2019

Рус тилида ўқиш

«2015–2030 йилларда офатлар хавфини камайтириш бўйича Сендай ҳадли дастури»ни Ўзбекистонда амалга ошириш чора-тадбирлари қабул қилинди (ВМнинг 12.04.2019 йилдаги 299-сон қарори).

 

Сендай дастурини[1] амалга ошириш учун қуйидагилар тасдиқланди:

  • «2015–2030 йилларда офатлар хавфини камайтириш бўйича Сендай ҳадли дастури» мақсадларига Ўзбекистон Республикасида эришиш стратегияси (бундан кейин – Стратегия);
  • Стратегияни амалга ошириш бўйича миллий ҳаракатлар режаси.

 

Стратегиянинг бош мақсади – 2030 йилгача офатлар натижасида ҳалок бўлганлар ва жабрланганлар сонини, шунингдек тўғридан-тўғри иқтисодий зарарни кескин камайтириш учун аҳоли ва ҳудудларни офатлардан комплекс ҳимоя қилиш соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини оширишга эришиш.

 

Ҳужжатда техноген, табиий ва экологик тусдаги фавқулодда вазиятлар (ФВ) юзага келиши хавфи мавжудлиги белгиланган:

  • бино ва иншоотларнинг кўп қисми етарли сейсмик чидамли эмаслиги;
  • айрим аҳоли пунктларининг қатор хўжаликлари геологик ва гидрометеорологик хавфли ҳудудларда жойлашганлиги;
  • ўта хавфли инфекциялар тарқалиши учун шароитлар мавжудлиги;
  • сув омборларининг катта қисми сейсмик хавфли ҳудудларда жойлашганлиги;
  • хавфли ишлаб чиқариш объектларининг кўп жойларда фаолият юритиши;
  • транспорт инфратузилмаси, энергетика ва коммунал тизимларнинг кенг тармоқлилиги;
  • фавқулодда экологик вазият, шунингдек экологик офат ҳудудларининг мавжудлиги.

 

Офатлар хавфини камайтириш учун ҳаракатларнинг устувор йўналишлари белгиланиб, батафсил қайд этилди. Улар:

  • офатлар хавфи тўғрисидаги билимларни ошириш;
  • офатлар хавфини бошқаришнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш;
  • офатлар хавфини камайтириш тадбирларига инвестициялар киритиш;
  • офатлар юз берганда ҳаракат қилишга тайёргарликни ошириш.

 

Стратегияни амалга ошириш натижасида 2030 йилга келиб:

  • янги табиий офат хавфлари пайдо бўлишининг олди олиниши ва маълум хавфларнинг таҳдиди камайиши;
  • жабрланганлар сони, ўлим даражаси, ФВдан кўрилган ижтимоий, иқтисодий ва экологик зарарлар миқдорлари имкон қадар камайиши;
  • Фавқулодда вазиятларда уларнинг олдини олиш ва ҳаракат қилиш давлат тизими фаолияти самарадорлигининг ошиши, жалб қилинувчи ихтисослаштирилган хизматлар томонидан ҳудудлар тўлиқ қамраб олиниши таъминланиши;
  • ФВ мониторингини олиб бориш, прогнозлаштириш, ахборот алмашиш, аҳолига хабар бериш ва маълумот (ахборот) етказишнинг миллий тизимлари такомиллаштирилиши;
  • аҳолини фавқулодда вазиятлардан огоҳлантириш тизими билан максимал қамраб олиш таъминланиши;
  • ФВдан жабрланган аҳолининг ҳаёт фаолиятини таъминлаш тизимлари яратилиши ва ривожлантирилиши;
  • раҳбарлар таркибига кирадиган мутахассислар ва аҳолини ФВда ҳаракат қилишга тайёрлаш тизими такомиллаштирилиши кутилмоқда.

 

Стратегияни амалга ошириш учун барча манфаатдор томонлар, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари, халқаро ташкилотлар, хусусий сектор, шунингдек аҳоли жалб қилинади.

 

Константин Мосин.

 

––––––––––––––––

[1] 2015–2030 йилларда офатлар хавфини камайтириш бўйича Сендай ҳадли дастури. 

БМТ ўтган асрнинг 60-йилларидан катта кўламдаги табиий офатлар оқибатларини тугатиш масалалари билан шуғуллана бошлаган. 1990 йилдан 2000 йилгача табиий офатлар хавфини камайтириш бўйича БМТ халқаро ўн йиллигининг эълон қилиниши офатлар хавфини камайтириш бўйича дастлабки жаҳон акцияси бўлган.   


1994 йилда Иокогамада (Япония) Табиий офатларни камайтириш бўйича биринчи жаҳон конференцияси бўлиб ўтган, унда Иокогама стратегияси ва Жаҳон хавфсизлиги учун ҳаракатлар режаси: табиий офатлардан ҳимояланиш, тайёргарлик ва оқибатларни юмшатиш бўйича қўлланма қабул қилинган.


2005–2015 йилларда ҳаракатлар бўйича Хиого ҳадли дастурини (22.01.2005 йилда Хиого префектураси (Япония) Кобе шаҳрида қабул қилинган) амалга ошириш натижалари 2015 йил март ойида Сендай шаҳрида (Япония) офатлар хавфини камайтириш бўйича III Жаҳон конференциясида тақдим этилган. «2015–2030 йилларда офатлар хавфини камайтириш бўйича Сендай ҳадли дастури» конференцияда қабул қилинган асосий ҳужжат бўлган.   





 

Валюталар курси

2024-12-23
  • USD:12893.07 (+0.00) сум
  • EUR:13386.87 (+0.00) сум
  • RUB:125.96 (+0.00) сум