Вазирлар Маҳкамаси томонидан 13.04.2021 йилдаги «Халқаро имтиҳон тизимлари бўйича юқори балл (даража) тўплаган ёшларга имтиҳон топшириш харажатларини тўлиқ қоплаб бериш тартибини жорий этиш тўғрисида»ги 209-сон қарор қабул қилинди.
Ҳужжат Президентнинг 3.02.2021 йилдаги «2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида»ги ПФ-6155-сон Фармонига мувофиқ қабул қилинган.
Қарор билан қуйидагилар тасдиқланди:
- Халқаро имтиҳон тизимлари бўйича юқори балл (даража) олган ёшларга имтиҳон топшириш харажатларини тўлиқ қоплаб беришнинг маъмурий регламенти (кейинги ўринларда – Регламент). Унда давлат хизматини кўрсатиш, ариза бериш ва уни кўриб чиқиш, компенсация пулини тўлаш назарда тутилган;
- Имтиҳон топшириш харажати компенсация қилинадиган халқаро имтиҳон тизимлари рўйхати (кейинги ўринларда – Рўйхат).
Қуйидагилар белгиланди:
- Ёшлар ишлари агентлиги тасдиқланган Рўйхатда келтирилган имтиҳон турларидан юқори балл (даража) олган ёшларга имтиҳон топшириш харажатларини тўлиқ қоплаб беради;
- Рўйхатнинг 1-5-бандларидаги имтиҳон турлари бўйича харажатлар 2021 йил 1 майдан бошлаб қоплаб берилади;
- Рўйхатнинг 6-18-бандларидаги имтиҳонлар бўйича харажатлар 2022 йил 1 январдан бошлаб қоплаб берилади. Ушбу санага қадар топширилган имтиҳон турларидан юқори балл олган ёшларга Регламентда белгиланган тартибда харажатлар қоплаб берилади.
Ёшлар ишлари агентлигига қуйидаги вазифалар топширилди:
а) 2021 йил 1 майга қадар:
- давлат хизматини кўрсатиш учун зарур ҳужжатлар ва бошқа ҳужжатларнинг намунавий шакллари, бланкалари ишлаб чиқилишини таъминлаш ҳамда уларни Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги билан келишган ҳолда тасдиқлаш;
- Давлат хизматлари агентлиги билан биргаликда ЯИДХПда электрон давлат хизматини жорий қилиш бўйича техник ҳужжатни ишлаб чиқиш, келишиш ва тасдиқлаш учун Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига киритиш;
б) бир ой муддатда халқаро имтиҳон тизимларини ташкил этишга ваколатли хорижий ташкилотлар ва уларнинг Ўзбекистонда давлат рўйхатидан ўтган ваколатли вакиллари реестрини шакллантириш.
Ахборот технологиялари ва коммуникациялари вазирлигига имтиҳон топшириш харажатларини компенсация қилиш тўғрисида ариза берувчиларнинг электрон реестри ахборот тизимини яратиш ҳамда уни кейинчалик техник қўллаб-қувватлаш ва такомиллаштириш чораларини кўриш топширилди. Ёшлар ишлари агентлиги ушбу ахборот тизимининг эгаси ва фойдаланувчиси ҳисобланади.
Регламент халқаро имтиҳон тизимлари бўйича юқори балл (даража) олган ёшларга имтиҳон топшириш харажатларини тўлиқ қоплаб бериш бўйича давлат хизматини кўрсатиш тартибини белгилайди.
Харажатлар қоплаб берилиши учун ариза берувчи исталган тумандаги (шаҳардаги) Давлат хизматлари марказига мурожаат қилади ёки ЯИДХПда давлат хизматидан электрон тарзда фойдаланиш учун рўйхатдан ўтади.
Ариза берувчининг мурожаатига асосан давлат хизматлари маркази ходими ариза берувчи номидан, ЯИДХП орқали мурожаат қилинганда эса ариза берувчи мустақил равишда қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:
- имтиҳон топшириш харажати тўланганини тасдиқловчи тўлов квитанцияси (pdf форматда);
- махсус сертификат (pdf форматда).
Ариза берувчидан ушбу бандда кўрсатилмаган маълумот ва ҳужжатларни талаб қилиш қатъиян тақиқланади. Тақдим этилган ҳужжатлардаги маълумотларнинг ҳаққонийлигига ариза берувчи масъул ҳисобланади.
Регламентда халқаро имтиҳон тизимлари бўйича юқори балл (даража) олган ёшларга имтиҳон топшириш харажатларини тўлиқ қоплаб бериш тартибига оид бошқа масалалар ҳам қайд этилган.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 13.04.2021 йилдан кучга кирди.
Баҳодир Бухорий.