Вазирлар Маҳкамасининг 30.12.2024 йилдаги "Автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва улардан фойдаланиш ишларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ВМҚ-901-сон қарори қабул қилинди.
Ҳужжатга мувофиқ, Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитасига умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини таъмирлаш ва сақлаш бўйича ҳар йиллик харажатлар сметасини ажратилган лимитлар доирасида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишган ҳолда ҳар йили 1 мартдан кечиктирмай тузиш ва тасдиқлаш топширилди.
Қиймати БҲМнинг 6 000 бараваридан ошмайдиган автомобиль йўлларини таъмирлаш ишлари смета асосида, бу суммадан ошадиган объектлар эса белгиланган тартибда ишлаб чиқилган ва экспертизадан ўтказилган лойиҳа-смета ҳужжатлари асосида шакллантириладиган манзилли рўйхатлар асосида молиялаштирилади. Ушбу ишлар Автомобиль йўллари қўмитаси таркибидаги йўл ва кўприкларни сақлаш ва таъмирлаш ташкилотлари томонидан бажарилади.
Ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланди:
• Йўл хўжалиги соҳасида лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш, йўл-қурилиш ишларини амалга ошириш, шунингдек, уларни қабул қилиб олишда ҳажм ва сифат кўрсаткичларини ҳисобга олиш (ҳажм услуби) тартиби тўғрисидаги низом. Низомда йўл хўжалиги соҳасидаги лойиҳа ҳужжатлари Шаҳарсозлик кодекси, техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар, шунингдек шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари асосида ишлаб чиқилиши белгиланган;
• Автомобиль йўлларини таъмирлаш ва сақлаш ишлари таснифи. У умумий фойдаланишдаги йўллар, шаҳарлар ва кичик қўрғонлар, тижорат автомобиль йўлларини сақлаш турлари ва қоидаларини белгилайди;
• Автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари тугалланган объектларнинг асосий конструктив элементлари ҳамда йўл ҳаракатини ташкил этиш техник воситаларига кафолатли хизмат қилиш муддатларини қўллаш тартиби тўғрисидаги низом;
• Автомобиль йўлларидаги табиий офат ва техноген хусусиятли вазиятларнинг олдини олиш ҳамда уларнинг оқибатларини бартараф қилиш ишларини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом. У умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари, шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктлари кўчаларида содир бўлган фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва оқибатларини бартараф этиш учун манзилли рўйхатларни расмийлаштириш ва молиялаштириш тартибини белгилайди.
Қарор билан Ҳукуматнинг айрим ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 2025 йил 10 январдан кучга кирди.
Саодат Усманова