Турдош йўналишлар бўйича олий таълим муассасаларини йириклаштириш мақсадида Президент томонидан 22.04.2025 йилдаги "Тиббиёт соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-149-сон қарор имзоланди.
Ҳужжат билан бир қатор тиббиёт олий таълим муассасаларини қайта ташкил этиш назарда тутилган, хусусан:
- Тошкент тиббиёт академияси, Тошкент педиатрия тиббиёт институти ва Тошкент давлат стоматология институти негизида Тошкент давлат тиббиёт университетини ташкил этиш;
- Тошкент тиббиёт академиясининг марказий илмий-текшириш лабораторияси негизида Тиббиёт илмий-инновацион тадқиқот институти фаолиятини йўлга қўйиш;
- Тошкент тиббиёт академиясининг Урганч филиалини Урганч давлат тиббиёт институти этиб қайта ташкил этиш.
Шунингдек, қуйидагиларни қайта номлаш ҳақида кўрсатиб ўтилган:
- Тошкент тиббиёт академиясининг кўп тармоқли клиникаси, Тошкент педиатрия тиббиёт институти клиникаси ва Тошкент давлат стоматология институти клиникасини Тошкент давлат тиббиёт университети клиникалари этиб;
- Тошкент тиббиёт академиясининг Термиз ва Чирчиқ филиалларини Тошкент давлат тиббиёт университетининг Термиз ва Чирчиқ филиаллари этиб;
- Тошкент тиббиёт академияси академик лицейи, Тошкент педиатрия тиббиёт институти академик лицейи ва Тошкент давлат стоматология институти академик лицейини Тошкент давлат тиббиёт университетининг 1-, 2- ва 3-сон академик лицейлари этиб.
Тошкент давлат тиббиёт университетининг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари сифатида қуйидагилар белгиланган:
- тиббий-касбий таълим тизимида юқори малакали тиббиёт кадрларини тайёрлаш, уларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш;
- таълим дастурларини халқаро тиббий таълим стандартларига мувофиқлаштириш;
- ўқув жараёнини амалий кўникмаларни шакллантиришга йўналтириш, клиникалар ва ўқув базалари фаолиятида назарий билимлар ва амалиёт ўртасидаги узвий боғлиқликни таъминлаш;
- илмий салоҳиятни мунтазам равишда ошириб бориш ва бошқалар.
2025/2026 ўқув йилидан Университет магистратурасида босқичма-босқич хорижий тилларда ўқитиладиган алоҳида гуруҳлар ташкил этилади.
Ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланган:
- Тошкент давлат тиббиёт университети кузатув кенгашининг таркиби;
- 2025-2027 йилларда Тошкент давлат тиббиёт университетида кадрлар тайёрлаш тизимини самарали йўлга қўйиш, илмий салоҳиятни ошириш ва моддий-техник базани мустаҳкамлаш бўйича "йўл харитаси";
- Тошкент давлат тиббиёт университетига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида бепул бериладиган объектлар рўйхати.
Бундан ташқари, ҳужжат билан Университет тузилмасида ҳомийлик хайриялари ва тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган маблағларнинг бир қисми ҳисобидан тўлдириладиган Тошкент давлат тиббиёт университетини ривожлантириш жамғармасини ташкил этиш назарда тутилган.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 23.04.2025 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова