«Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида»ги Қонуннинг янги таҳрири эълон қилинди. Ҳужжат «Халқ сўзи» газетасининг сайтида жойлаштирилган ва 10.10.2018 йилдан кучга киради.
Йирик корхоналар ССПга аъзо бўлишлари шарт
Белгиланишича, Палатага аъзолик кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари учун ихтиёрий, бошқа тадбиркорлик субъектлари учун эса мажбурийдир.
Бу ерда атамалар чалкаштирилиши мумкинлигини қайд этиб ўтмоқчимиз. «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонуннинг 5-моддасида ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 24.08.2016 йилдаги «Иқтисодий фаолият турларини таснифлашнинг халқаро тизимига ўтиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 275-сон қарорида хўжалик юритувчи субъектларни таснифлаш мақсадида бошқа – кичик тадбиркорлик субъектлари тушунчаси қўлланилади. Уларга қуйидагилар киради:
1) якка тартибдаги тадбиркорлар;
2) ишлаб чиқариш тармоқларидаги, банд бўлган ходимларининг ўртача йиллик сони кўпи билан 20 киши, хизмат кўрсатиш соҳасидаги ва ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлмаган бошқа тармоқлардаги, банд бўлган ходимларининг ўртача йиллик сони кўпи билан 10 киши, улгуржи, чакана савдо ҳамда умумий овқатланиш тармоқларидаги, банд бўлган ходимларининг ўртача йиллик сони кўпи билан 5 киши бўлган микрофирмалар;
3) қуйидаги тармоқлардаги:
- қонун ҳужжатларида назарда тутилган енгил, озиқ-овқат саноатидаги ва қурилиш материаллари саноатидаги, банд бўлган ходимларининг ўртача йиллик сони кўпи билан 200 киши;
- металлга ишлов бериш ва асбобсозлик, ёғочсозлик, мебель саноатидаги, шунингдек қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа саноат-ишлаб чиқариш соҳаларидаги, банд бўлган ходимларининг ўртача йиллик сони кўпи билан 100 киши;
- машинасозлик, металлургия, ёқилғи-энергетика ва кимё саноати, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ва уларни қайта ишлаш, қурилиш ҳамда қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа саноат-ишлаб чиқариш соҳаларидаги, банд бўлган ходимларининг ўртача йиллик сони кўпи билан 50 киши;
- фан, илмий хизмат кўрсатиш, транспорт, алоқа, хизмат кўрсатиш соҳалари (суғурта компанияларидан ташқари), савдо ва умумий овқатланиш ҳамда ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлмаган бошқа соҳалардаги, банд бўлган ходимларининг ўртача йиллик сони кўпи билан 25 киши бўлган кичик корхоналар.
Кичик тадбиркорлик субъектларига мансуб ташкилотларнинг ИФУТ кодлари бўйича батафсил таснифи – бу ерда.
Бундан ташқари, фермер, деҳқон хўжаликлари ва оилавий корхоналар ҳам кичик тадбиркорлик субъектларига тенглаштирилган.
ССПга ихтиёрий ва мажбурий аъзолик ҳақида сўз борганда тадбиркорлик субъектларини таснифлашнинг айнан юқорида баён этилган мезонлари назарда тутилаётган кўринади.
Маълумот учун: ҳозир амал қилаётган таҳрирдаги Савдо-саноат палатаси Уставига мувофиқ, кириш ва аъзолик бадалларининг қуйидаги миқдорлари белгиланган:
|
Кириш бадали |
Йиллик аъзолик бадали |
Йирик корхоналар |
10 ЭКИҲ (материал эълон қилинган пайтда – 1 722 400 сўм) |
100 ЭКИҲ (материал эълон қилинган пайтда – 17 224 000 сўм) |
Кичик корхоналар |
3 ЭКИҲ (материал эълон қилинган пайтда – 516 720 сўм) |
20 ЭКИҲ (материал эълон қилинган пайтда – 3 444 800 сўм) |
Микрофирмалар |
2 ЭКИҲ (материал эълон қилинган пайтда – 344 480 сўм) |
6 ЭКИҲ (материал эълон қилинган пайтда – 1 033 440 сўм) |
Якка тартибдаги тадбиркорлар |
0,5 ЭКИҲ (материал эълон қилинган пайтда – 86 120 сўм) |
1 ЭКИҲ (материал эълон қилинган пайтда – 86 120 сўм) |
ССП кўпроқ ваколатга эга бўлди
Қонун билан Савдо-саноат палатасининг 6 та вазифаси, худди шунча фаолият йўналиши ва 26 та функцияси белгиланди. Улар тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яхшилаш, тадбиркорлик фаолиятига кўмаклашиш, давлат органлари, бошқа органлар ва ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш, тадбиркорлик субъектларини ўқитиш ва кадрларни тайёрлаш, ташқи иқтисодий фаолият ва чет эл инвестицияларини жалб этиш соҳаларига тааллуқлидир.
Қуйилган вазифаларни амалга ошириш учун Палатага қуйидаги ҳуқуқлар берилди:
- Вазирлар Маҳкамасига, вазирликларга, давлат қўмиталарига ва идораларга ишбилармонлик ҳамда инвестиция муҳитини яхшилаш масалалари юзасидан, ш.ж. тадбиркорлик фаолиятининг ривожланишига тўсқинлик қилаётган ёки унинг ривожланишини чеклаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек уларни ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида таклифлар киритиш;
- норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг жамоатчилик экспертизасини ўтказиш ва тадбиркорликнинг бошқа масалаларини муҳокама қилиш учун тадбиркорлик субъектлари иштирокида эксперт кенгашларини тузиш;
- тадбиркорлик субъектлари ва давлат органлари ўртасидаги низонинг ҳал этилишини таъминлаш, шунингдек бозорларни ўрганиш ҳамда таҳлил қилиш мақсадида давлат ва хўжалик бошқаруви органларидан, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларидан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан ва уларнинг мансабдор шахсларидан зарур маълумотлар, ҳужжатлар, материалларни ҳамда статистика маълумотларини сўраб олиш, бундан қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар мустасно;
- тарафлар ўртасидаги низоларни судгача ҳал этишни амалга ошириш;
- Палата аъзоларининг, шунингдек ўз манфаатларини кўзлаб судларга давлат божи тўламасдан даъволар тақдим этиш, давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиш;
- жиноят ишлари бўйича иш юритишда тадбиркорлик субъектларининг жамоатчилик ҳимоячилари сифатида иштирок этиш;
- давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилинганда тадбиркорлик субъекти номидан суд муҳокамасининг исталган босқичида иштирок этиш (иккала тараф Палата аъзолари бўлган ҳоллар бундан мустасно), шунингдек даъво аризалари билан бир қаторда апелляция, кассация шикоятлари, аризалар, шу жумладан назорат тартибида протест келтириш ҳақида илтимосномалар бериш;
- давлат активларини хусусийлаштириш, шу жумладан давлат мулки объектларини «ноль» харид қиймати бўйича реализация қилиш, шунингдек давлат органлари функцияларининг ва давлат хизматларининг айрим турларини хусусий секторга ўтказиш, давлат-хусусий шерикликнинг таъсирчан механизмларини жорий этиш тўғрисида таклифлар киритиш;
- ўз тузилмасида таълим муассасаларини ташкил этиш;
- Ўзбекистон Республикасида ва чет давлатларда ташкилотлар ташкил этиш, ўз ваколатхоналарини очиш;
- тадбиркорлик фаолияти субъектларига ихтироларни, фойдали моделларни, саноат намуналарини патентлашда, товар белгиларини, хизмат кўрсатиш белгиларини ва товарлар келиб чиққан жой номларини рўйхатдан ўтказишда кўмаклашиш;
- Ўзбекистон Республикасида ва унинг ҳудудидан ташқарида кўргазмалар ҳамда ярмаркалар ташкил этиш ва ўтказиш;
- тадбиркорлик фаолияти субъектларига ҳуқуқий ва бошқа хил ёрдам кўрсатиш;
- газеталар, журналлар ва бошқа босма материаллар нашр этиш, шунингдек тадбиркорлик фаолиятини таъминлаш учун ноширлик ҳамда реклама хизматлари кўрсатиш;
- халқаро ва чет эл ташкилотларида Палата аъзоларининг тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ манфаатларини ифода этиш;
- тадбиркорлик субъектларининг фаолияти масалаларига доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда ва муҳокама қилишда иштирок этиш;
- иқтисодий низоларни ҳал қилиш учун қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳакамлик судларини, шунингдек халқаро тижорат арбитраж судини ташкил этиш;
- чет эллик шериклар мурожаат этган ҳолларда, товарларнинг келиб чиқиши тўғрисидаги сертификатларни тасдиқлаш;
- Палата аъзолари бўлган тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текширишларда иштирок этиш;
- чет эл ва халқаро ташкилотларнинг молиявий ҳамда техник ёрдамини жалб этишда тадбиркорлик фаолияти субъектларига кўмаклашиш.
Ташкилий масалалар
ССПнинг ташкилий тузилмаси белгиланди. Унга қуйидагилар киради:
- Савдо-саноат палатаси (марказий аппарат – таҳр.);
- ССПнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги ҳудудий бошқармалари;
- тадбиркорликка кўмаклашиш марказлари;
- ҳакамлик судлари;
- халқаро тижорат арбитраж суди;
- Палатанинг хорижий мамлакатлардаги ваколатхоналари.
ССПнинг бошқарув органлари тизимида ҳам ўзгартиришлар рўй берди. Марказий кенгаш ўрнига 25 нафар кишидан иборат таркибдаги, олий орган – Палата Қурултойи делегатлари томонидан сайланадиган Раёсат бўлади. Қиёслаш учун: Марказий кенгаш таркибига лавозимига кўра Ижроия қўмитаси Раиси ва унинг ўринбосарлари, Палатанинг ҳудудий бошқармалари раҳбарлари, шунингдек Палата Қурултойи томонидан сайланган тадбиркорлик соҳасидаги энг нуфузли корхона ва ташкилотлар раҳбарлари кирар эди. Раёсат қурултойлар оралиғида Палатага раҳбарлик қилади.
Палата қурултойи эса камроқ – 4 йилда 1 марта чақириладиган бўлди. Илгари у ҳар 3 йилда ўтказиларди. Бундан ташқари, Палата раиси Президентнинг тақдимномасига кўра қурултой делегатлари томонидан лавозимга сайланиши ва лавозимига кўра Раёсатнинг раиси бўлиб, Ижроия қўмитасининг ишига раҳбарлик қилиши қонун даражасида мустаҳкамлаб қўйилди.