Вазирлар Маҳкамасининг 12.05.2020 йилдаги «Чорвачилик тармоғига давлат томонидан субсидия ажратишни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида»ги 280-сон қарори қабул қилинди.
Президентнинг 30.01.2020 йилдаги «Чорвачилик тармоғини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4576-сон қарорига мувофиқ мазкур ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланди:
- 2020–2022 йилларда хорижий давлатлардан импорт қилинган наслдор қорамол, қўй ва эчкиларни сотиб олган хўжаликларга ҳамда республикада наслдор қорамолларни етиштирадиган наслчилик хўжаликларига субсидия бериш тартиби тўғрисидаги низом;
- 2020–2022 йилларда «Ўзбекбалиқсаноат» уюшмасига аъзо бўлган балиқчилик хўжаликлари томонидан интенсив усулда етиштирилган балиқ ҳамда уларни импорт қилувчиларга субсидиялар ажратиш тартиби тўғрисидаги низом;
- 2020–2022 йилларда «Паррандасаноат» уюшмасига аъзо бўлган паррандачилик хўжаликлари томонидан импорт қилинган бир кунлик наслдор жўжалар учун субсидия бериш тартиби тўғрисидаги низом.
Чорвачилик тармоғини янада ривожлантиришни самарали ташкил этишни таъминлаш бўйича туманлар ва вилоятлар комиссияларининг намунавий таркиби тасдиқланди.
Субсидия олиш учун туман комиссиясига ариза билан мурожаат этиш лозим. Комиссия томонидан субсидия ажратиш ёки рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинади. Субсидия ажратиш тўғрисида қарор қабул қилинганда ариза вилоят комиссиясига юборилади, ушбу комиссия 2 иш куни мобайнида ҳужжатларни «Ўзбекчорванасл» агентлигига юборади. Агентлик ҳужжатларни текшириб чиқади ва маблағларни субсидия олувчиларнинг тижорат банкларидаги ҳисобрақамларига ўтказади.
Қарор билан наслдор қорамол, қўй ва эчкилар, балиқ ва жўжалар бош сони прогноз кўрсаткичлари белгиланди.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 13.05.2020 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова.