Президентнинг 14.02.2022 йилдаги “Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети харажатларининг самарадорлигини янада ошириш ва давлат молиявий назорати органлари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги ПҚ-128-сон қарори қабул қилинди.
Ҳужжат Давлат бюджети харажатларининг самарадорлигини ошириш, бюджет қонунчилиги бузилишининг профилактикасини кучайтириш ва масофавий молиявий назоратни кенгайтириш, шунингдек, давлат молиявий назорати органлари фаолиятини такомиллаштириш мақсадида қабул қилинди.
Молия вазирлиги таркибидаги Давлат молиявий назорати департаменти ва унинг ҳудудий бошқармалари негизида Молия вазирлиги ҳузурида Давлат молиявий назорати инспекцияси (кейинги ўринларда – Инспекция) ташкил этилади. У қуйидаги ташкилий тузилмалардан иборат бўлади:
- Қурилиш объектларида назорат ўлчовини амалга ошириш бошқармаси;
- Комплаенс назорати бошқармаси.
Инспекция бошлиғи молия вазирининг тақдимномасига биноан Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади ва молия вазири ўринбосарига тенглаштирилади. Унинг ўринбосарлари Инспекция бошлиғи билан бир хил тартибда лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади.
Ҳужжат билан шундай тартиб белгиландики, унга мувофиқ:
- 2022 йил 1 ноябрга қадар Инспекция ходимлари молиявий назорат ва ички аудит соҳасидаги халқаро тажрибалар асосида махсус ўқув курсларида ўқитилади;
- 2022 йил 1 ноябрдан бошлаб Инспекция ва ички аудит хизматларининг ходимларига малака сертификати бериш тизими жорий этилади;
- 2023 йил 1 сентябрдан бошлаб ички аудит бўйича миллий малака сертификатига эга бўлмаган шахсларни Инспекция ва ички аудит хизматларининг ходими лавозимига ишга қабул қилишга ҳамда уларнинг ушбу тизимларда фаолият юритишига йўл қўйилмайди, бундан халқаро сертификатга эга бўлган шахслар мустасно.
2022 йил 1 апрелдан бошлаб давлат молиявий назорати соҳасида қоидабузарликлар ҳолатлари тўғрисида Инспекцияга “Давлат аудити” дастурий комплекси орқали хабар берган жисмоний шахсларга, ушбу маълумот асосида молиявий текширувлар жараёнида аниқланиб, давлат фойдасига ундирилган маблағлар ҳисобидан мукофот тўланади.
Ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланди:
- 2022 йилда Давлат бюджети харажатларининг самарадорлигини ошириш ҳамда молиявий назорат фаолиятини такомиллаштириш бўйича “Йўл харитаси”;
- қарорда белгиланган чора-тадбирларни ҳудудларда татбиқ этиш бўйича масъуллар рўйхати.
"Йўл харитаси”да белгиланган чора-тадбирлар ижросини таъминлаш учун масъул вазирлик ва идоралар раҳбарларига қуйидаги рағбатлантириш ва жавобгарлик чоралари қўлланилади:
- вазифаларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ижросини таъминлаган раҳбарларни ярим йиллик якунларга кўра ўртача ойлик иш ҳақининг 50%игача бўлган миқдорда мукофотлаш;
- вазифаларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ижросини таъминламаган раҳбарларга ўртача ойлик иш ҳақининг 30%и миқдорида жарима санкцияларини қўллаш.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 15.02.2022 йилдан кучга кирди.
Саодат Усманова.