Президентнинг 30.12.2021 йилдаги «Ўзбекистон Республикасининг «2022 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Қонуни ижросини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-73-сон қарори қабул қилинди.
«2022 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Қонун ижросини таъминлаш мақсадида қуйидагилар тасдиқланди:
- 2022 йилда иккинчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчиларга ажратиладиган бюджет маблағларининг чекланган миқдорлари;
- 2022 йил учун Ўзбекистон Республикаси республика бюджети, Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари айланма касса маблағларининг йўл қўйиладиган энг кам миқдорлари;
- 2022 йил учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети даромадлари прогнози;
- Фойда солиғи тўлиқлигича Ўзбекистон Республикаси республика бюджетига йўналтириладиган йирик солиқ тўловчилар рўйхати.
2022 йил 1 январдан бошлаб ижтимоий солиқ тушумлари қуйидагича тақсимланади:
а) бюджет ташкилотлари бўйича:
- бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига – 99,2%;
- Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасига ва Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш жамғармасига – 0,4%;
- Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгашига – 0,4%;
б) бошқа тўловчилар бўйича:
- бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига – 98,4%;
- Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасига ва Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш жамғармасига – 0,8%;
- Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгашига – 0,8%.
Бундан ташқари, 2022 йил учун қуйидаги солиқ ставкалари:
а) «Навоий кон-металлургия комбинати» АЖ ва «Олмалиқ кон-металлургия комбинати» АЖ учун:
- фойда солиғи рентабеллик даражасидан келиб чиққан ҳолда (қарорга 5-илова);
- олтин бўйича ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ставкаси 10% ва палладий, кумуш, мис бўйича 15% миқдорида белгилансин. Бунда ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ базаси ишлов бериш (бойитиш), қайта ишлаш (аффинаж) ва ташиш харажатларини чегирмаган ҳолда аниқланади;
б) «Ўзбекнефтгаз» АЖ учун нефть, табиий газ ва газ конденсати бўйича 15% миқдорида тасдиқланди.
Олтиндан ясалган заргарлик буюмларини чакана савдода сотганлик учун йиғим 1 граммига 1 000 сўм миқдорида сақлаб қолинди.
Белгиланишича, жисмоний шахсларга улар томонидан чакана савдо, умумий овқатланиш ва маиший хизмат кўрсатиш объектларида амалга оширилган харид суммасининг 1%и миқдоридаги тўловлар республика бюджети даромадлари қисмида ҚҚСни қайтаришга режалаштирилган маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.
Шунингдек қуйидагилар тасдиқланди:
- 2022 йил 31 декабрга қадар Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб киришда божхона божининг ноль ставкалари қўлланиладиган товарлар рўйхати;
- 40 та биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчиларнинг 2022-2024 йиллар учун бюджет маблағларидан фойдаланиш билан боғлиқ мақсадли индикаторлари.
Шу билан бирга қуйидагилар белгиланди:
- 2022 йил 1 июндан бошлаб тажриба тариқасида, босқичма-босқич йил якунига қадар Сув хўжалиги вазирлиги ва Автомобиль йўллари қўмитаси таркибидаги барча унитар корхоналарга фақат Молия вазирлиги Ғазначилиги томонидан хизмат кўрсатилади;
- Молия вазирлиги Ғазначилигига ўтказилган унитар корхоналарнинг бўш маблағлари тижорат банклари депозитларига Молия вазирлиги Ғазначилигига буюртманома тақдим этиш орқали жойлаштирилади;
- 2022 йилгача давлат унитар корхоналари бўш маблағларининг тижорат банклари депозитларига жойлаштирилган миллий валютадаги маблағлари депозитлар муддати тугагандан сўнг, уларнинг муддати узайтирилмасдан тегишли ғазна ҳисобварағига ўтказилади.
2022 йилда солиқ юкининг кескин ошишига йўл қўймаслик мақсадида қуйидагилар белгиланди:
- жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғи (тадбиркорлик фаолиятида фойдаланадиган ер участкаларидан ташқари) суммаси 2021 йил учун ҳисобланган солиқ суммасининг 1,3 бараваридан ошмаслиги лозим;
- 2018 йилда белгиланган кадастр қиймати асосида ҳисобланган, жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи суммаси 2021 йил учун ҳисобланган солиқ суммасининг 1,3 бараваридан ошмаслиги лозим.
Бундан ташқари, солиқ тўловчиларга қуйидаги ҳуқуқлар берилади:
- 2022 йил 1 февралга қадар 2022 йил учун юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ суммаси тўғрисидаги маълумотномани кўчмас мулк объектларига бир квадрат метр минимал қиймат миқдорини ҳисобга олмаган ҳолда тақдим этиш;
- 2022 йил 1 апрелга қадар кадастр органларида кўчмас мулк объектлари майдонларини таққослашни амалга ошириш, 2022 йил учун юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ суммаси тўғрисидаги аниқлаштирилган маълумотномани пеня ҳисоблаш кўринишидаги жавобгарлик чораси қўлланилмаган ҳолда тақдим этиш;
- 2022 йил 1 октябрга қадар кўчмас мулк қийматини баҳоловчи ташкилотни жалб қилган ҳолда мустақил баҳолашни ўтказиш ва 2022 йил учун юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ суммаси тўғрисида аниқлаштирилган маълумотнома ва баҳолаш ҳисоботини солиқ органларига тақдим этиш. Бунда кўчмас мулк объектларини мустақил баҳолаш ўтказиш режалаштирилганлиги тўғрисида 2022 йил 1 апрелга қадар солиқ органларини хабардор қилиш шарт;
- қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар учун ер солиғи бўйича солиқ ҳисоботларини 2022 йил 1 февралга қадар тақдим этиш.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 30.12.2021 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова.