Президентнинг 9.07.2019 йилдаги қарори билан 2019 йил 1 октябрдан давлат харидлари соҳасига янгиликлар киритиш назарда тутилган.
Биринчидан, «Давлат харидлари тўғрисида»ги Қонуннинг давлат харидлари мониторинги, назорати, очиқ-ошкоралиги, самарадорлиги ва натижадорлиги таҳлилини таъминлаш борасидаги талаблари алоҳида харид тартиби белгиланган хўжалик жамиятлари ва стратегик аҳамиятга эга корхоналар томонидан амалга ошириладиган барча турдаги давлат харидларига татбиқ этилади (масалан 22.01.2018 йилдаги ПҚ-3487-сон қарорга қаранг).
Иккинчидан, давлат буюртмачилари томонидан тузилган шартномалар реестрига қўйиладиган талабларга биноан давлат буюртмачиси ўзининг сайтида ёки юқори турувчи органнинг сайтида давлат харидлари натижалари ҳақидаги маълумотни ва уларнинг тўлиқ тавсифини жойлаштириши шарт («Давлат харидлари тўғрисида»ги Қонуннинг 41-моддаси, Харид қилиш тартиб-таомилларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 230-236-моддаларига қаранг).
Учинчидан, Ҳисоб палатаси ва Монополияга қарши қўмита доимий асосда давлат харидлари самарадорлиги ва натижадорлигини таҳлил қилади. Таҳлил масофавий ўтказилади, зарурат туғилганда жойга борилади. Таҳлил якунлари уларнинг сайтида ва давлат харидлари махсус ахборот порталида эълон қилинади.
Тўртинчидан, етказиб берувчиларга иштирок этиш имкониятини бериш ва бевосита шартномалар бўйича энг яхши таклифларни танлаб олиш йўли билан контракт (шу жумладан импорт контракт) тузишдан олдин танлов натижаларини акс эттириш мақсадида тегишли маълумотлар давлат харидлари порталида олдиндан эълон қилинади.
Бир ой мобайнида «Давлат харидлари тўғрисида»ги Қонунга тузатишлар ишлаб чиқилиши лозим. Шулар қаторида, давлат харидлари очиқ-ошкоралигини таъминлаш бўйича талаблар, муайян назорат механизмлари ва унда жамоатчилик фаол иштирок этишини рағбатлантириш чоралари кучайтирилади. Халқаро ташкилотларнинг (ИҲТТ, Халқаро банк ва бошқалар) коррупцияга қарши курашиш ва ҳар йилги «Бизнес юритиш» ҳисоботи юзасидан тавсиялари жорий этилади.
Олег Заманов.