Президентнинг 2.07.2021 йилдаги «Давлат харидлари шаффофлигини таъминлаш ва самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-5171-сон қарори қабул қилинди.
Ҳужжатга мувофиқ 2021 йил 5 июлдан бошлаб:
а) тегишли корпоратив буюртмачилари томонидан:
- давлат харидларини амалга оширишда харид қилиш тартиб-таомилларини ўтказиш тўғрисидаги эълонлар ва давлат харидлари натижалари тўғрисидаги ахборотни махсус ахборот портали ва ОАВда жойлаштирилади;
- товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) қиймати 25 000 БҲМдан ошган ҳолларда, харидга доир техник топшириқлар ва тендер ҳужжатларини комплекс экспертизадан ўтказиш учун Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги «Лойиҳалар ва импорт контрактларни комплекс экспертиза қилиш маркази» ДУКга киритилади;
- давлат харидларининг йиллик ва чораклик режа-жадваллари, шунингдек импорт қилиш режалаштирилган товарлар (ишлар, хизматлар) рўйхатлари харидларнинг мақсадга мувофиқлиги нуқтаи назаридан кузатув кенгаши мажлисида кўриб чиқилади;
б) корпоратив буюртмачилар учун индивидуал тарзда Президент ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига мувофиқ белгиланган давлат харидларини тўғридан-тўғри ёки тендер савдоларини ўтказмасдан амалга оширишнинг мавжуд тартиблари бекор қилинади.
Давлат харидлари очиқ ва шаффоф амалга оширилишини таъминлаш бўйича Республика комиссияси ташкил этилди. Молия вазирлиги комиссиянинг ишчи органи этиб белгиланди.
Қуйидагилар тасдиқланди:
- Давлат харидларини амалга ошириш жараёнлари алоҳида тартибда назорат қилинадиган айрим корпоратив ва бюджет буюртмачилари рўйхати;
- Давлат харидлари очиқ ва шаффоф амалга оширилишини таъминлаш бўйича Республика комиссияси тўғрисидаги низом.
Етказиб берувчиларнинг дастлабки малака танловини ўтказиш бўйича идоравий НҲҲлар ишлаб чиқилади ва қабул қилинади, шунингдек омбор ва транспорт логистикасини бошқариш тизимидаги жараёнларни автоматлаштириш орқали «E-ombor» товар-моддий ресурслар ҳаракатини ҳисобга олиш электрон тизими жорий этилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 3.07.2021 йилдан кучга кирди.
Эльмира Сиразиева.