Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Умумий сотиш ҳажмида ўз маҳсулоти 90 фоиздан кам бўлса, умумий овқатланиш корхонаси қишлоқ хўжалик маҳсулотлари харидини қандай расмийлаштириши керак Ўзбекистондан ташқарида товар харид қилиш ва ташиш қандай солиқ оқибатларига олиб келади Қандай қилиб ҚҚС ҳисоботини тўлдириш ва солиқни тўлаш керак

Давлат хизматчилари танлов асосида икки босқичда ишга олинади

17.10.2019

Рус тилида ўқиш

<

 

2020 йил 1 январдан янги тартиб айрим муассасалар ва ҳудудларда тажриба тариқасида, бир йилдан кейин эса барча ҳудудларда амал қилишни бошлайди (3.10.2019 йилдаги ПФ-5843-сон Фармонга қаранг).

 

Давлат хизмати икки турга ажратилди:

  • фуқаролик хизмати – Давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг давлат реестрига киритилган лавозимларда фаолият юритиш ҳисобланади, ушбу лавозимларда мамлакат фуқаролари ишлашлари мумкин, хорижий давлатларнинг фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар эса Президентнинг алоҳида қарорлари билан ўрнатилган тартибда давлат фуқаролик хизматчиси лавозимини эгаллаши мумкин;
  • махсус хизмат – Қуролли Кучлардаги ҳарбий хизмат ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардаги хизмат давлатнинг махсус хизмати ҳисобланади ва алоҳида қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.

 

Давлат фуқаролик хизматидаги ислоҳотлар меритократия тамойиллари (энг муносиб ва қобилиятли шахсларни қабул қилиш ҳамда хизмат поғоналари бўйича кўтариш), «карьера модели», меҳнатга ҳақ тўлашнинг ягона тизими, ижтимоий кафолатлар, кадрларни рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш тизими тамойилларига асосланади. Асосийси – қуйидаги саналардан бошлаб давлат хизматчилари мустақил очиқ танлов асосида ишга қабул қилинади:

  • 2020 йил 1 январдан бошлаб – тажриба тариқасида адлия, молия, бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирликлари, «Халқ банки» АЖ, шунингдек Нукус, Андижон, Бухоро, Жиззах, Қарши, Навоий, Наманган, Самарқанд, Гулистон, Термиз, Тошкент вилоятининг Ангрен, Бўка ва Бекобод туманлари, Фарғона, Урганч ва пойтахтнинг Мирзо Улуғбек туманларидаги барча давлат ташкилотларида;
  • 2021 йил 1 январдан бошлаб – давлат фуқаролик хизмати назарда тутилган республиканинг барча давлат органлари ва ташкилотларида.   

 

Танлов якунлари бўйича давлат фуқаролик хизматига қабул қилинадиган ходимлар Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ёки унинг филиаллари билан келишмасдан туриб лавозимдан озод қилиниши мумкин эмас. Агентлик давлат органлари ва ташкилотларида ходимларни бошқариш ва инсон ресурсларини ривожлантириш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш учун масъул органдир. Агентлик ўз фаолиятида Президентга бевосита бўйсунади ва унга ҳисоб беради. Президентнинг давлат хизмати ва ҳокимият вакиллик органлари билан ҳамкорлик қилиш масалалари бўйича маслаҳатчиси Агентлик директори ҳисобланади.

 

Давлат фуқаролик хизмати масалалари бўйича НҲҲ лойиҳаларини келишишга киритиш, давлат органлари ва ташкилотлари кадрлар бўлинмаларининг раҳбарларини лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод қилиш, шунингдек ҳар 3 йилда уларни аттестациядан ўтказиш янги Агентлик ваколатларига киритилди. Шунингдек энди Агентлик истиқболли бошқарув кадрларини саралаб олиш бўйича республика «Тараққиёт» танловини ўтказади.  

 

Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича «Эл-юрт умиди» жамғармаси Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ихтиёрига ўтказилди. Агентлик ҳузурида Давлат хизматини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилди, унга республика бюджетидан 100 млрд сўм маблағ ўтказилади ва кейинчалик ҳар йили бюджет маблағлари ажратилади, шунингдек давлат органлари ва ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармаларига тушадиган тушумнинг 1%и миқдоридаги ажратмалар йўналтирилади. Ушбу маблағлар давлат фуқаролик хизматчиларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, илмий-тадқиқот ишларига, моддий-техник базани мустаҳкамлашга сарфланади.  

 

Давлат хизматчилари ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда ҳар йили қисқа муддатли (30-60 соатли) малака ошириш курсларидан ўтиши шарт бўлади. Ушбу даврда уларнинг иш жойи бўйича лавозими, ўртача ойлик иш ҳақи ва меҳнат стажи сақланиб қолинади. Хизматчиларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, янги компетенцияларга ўргатишга Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасалари, шунингдек Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан лицензияланган нодавлат таълим муассасалари жалб этилади. Бунда тегишли таълим хизматлари тўғридан-тўғри шартномалар бўйича харид қилинади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 4.10.2019 йилдан кучга кирди.

 

Олег Заманов.


Валюталар курси

2024-12-20
  • USD:12875.06 (+0.00) сум
  • EUR:13406.80 (+0.00) сум
  • RUB:124.75 (+0.00) сум