27.12.2024 йилда "Давлат сирлари тўғрисида"ги ЎРҚ-1016-сонли Қонун қабул қилинди.
Қонуннинг мақсади:
- маълумотларни давлат сирларига киритишнинг ҳуқуқий ва ташкилий асосларини белгилаш;
- давлат сирларидан фойдаланиш ва уларни ҳимоя қилиш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш;
- Ўзбекистон Республикаси манфаатларини кўзлаб давлат сирлари билан боғлиқ фаолиятни амалга ошириш.
Қонунга кўра, давлат сирлари – давлат томонидан қўриқланадиган ва сир сақланиши лозим бўлган маълумотлар рўйхатига киритилган, ошкор этилиши Ўзбекистон хавфсизлигига зарар етказиши мумкин бўлган давлат аҳамиятига молик сир ва (ёки) хизмат сирини ташкил этувчи маълумотлар ва ахборотлардир. Бунда давлат аҳамиятига молик сир – ошкор этилиши республиканинг мудофаа қобилияти, давлат хавфсизлиги, иқтисодий ва сиёсий манфаатларига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган маълумотлардир.
Қонун билан қонуннинг амал қилиш соҳаси, асосий тушунчалар ҳамда Вазирлар Маҳкамаси, ДХХ ва давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотларнинг давлат сирлари соҳасидаги ваколатлари белгиланган.
Шунингдек, турли соҳаларда давлат сирларига тааллуқли маълумотлар рўйхати келтирилган, маълумотларни давлат сирларига киритиш тартиби ва тамойиллари, сир сақлашнинг асослари ва муддатлари, шунингдек сир сақланмайдиган маълумотлар белгиланган.
Давлат сирларига киритилган маълумотлар ва уларнинг ташувчилари қонунийлик, асослилик ва кечиктирмаслик тамойиллари асосида сир сақланади.
Ҳужжат билан сир сақлашдан чиқариш асослари ва тартиби, рухсатнома бериш тартиби, уни бериш талаблари, шунингдек рад этиш асослари белгиланган. Қонунда давлат сирларига эгалик қилиш, фойдаланиш ва тасарруф этиш, уларни узатиш тартиби, давлат сирларини ҳимоя қилиш талаблари, ҳимоя тадбирларини молиялаштириш манбалари белгиланган.
Қонунда давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотлар ходимлари учун имтиёзлар ҳам назарда тутилган.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинди ва 29.03.2025 йилдан кучга киради.
Саодат Усмонова