Вазирлар Маҳкамасининг 23.10.2023 йилдаги «Давлат-хусусий шериклик лойиҳаларидан юзага келиши мумкин бўлган давлатнинг фискал мажбуриятларини бошқариш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги 558-сон қарори қабул қилинди.
Низом амалга оширилаётган, амалга оширилиши кутилаётган, шунингдек, тайёргарлик ёки тендер босқичида бўлган ДХШ лойиҳаларидан юзага келиши мумкин бўлган давлатнинг тўғридан-тўғри ва шартли (кейинги ўринларда - фискал) мажбуриятларини бошқариш ҳамда тартибга солиш, кўриб чиқиш ва келишиш тартибини белгилайди.
Давлатнинг тўғридан-тўғри мажбуриятлари – давлат шериги томонидан ДХШ битимида белгиланган ҳамда миқдорлари, шартлари ва муддатлари аниқ бўлган, тўланиши лозим бўлган тўловлар. Уларнинг таркибига қуйидагилар киради:
- бир марталик аванслар;
- доимий тўловлар;
- келишилган натижаларга эришилганлиги учун тўланадиган тўловлар;
- муайян хизматдан фойдаланиш даражасидан келиб чиқиб тўланадиган тўловлар ёки субсидиялар.
Давлатнинг шартли мажбуриятлари – ДХШ лойиҳасини амалга ошириш даврида юзага келиши муддатлари ва ҳажми ноаниқ бўлган, шунингдек, давлат томонидан назорат қилиш имкони бўлмаган келажакдаги муайян ҳодисалар натижасига кўра Давлат бюджетининг олдида юзага келиши мумкин бўлган эҳтимолий молиявий мажбуриятлар.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги лойиҳасидан юзага келиши мумкин бўлган фискал мажбуриятларни кўриб чиқиш, келишиш, ҳисобини юритиш, бошқариш ва тартибга солиш функцияларини амалга оширади ҳамда ушбу мажбуриятларни маъқуллайди.
Келишиш схемаси қуйидагича:
- давлат шериги Иқтисодиёт ва молия вазирлигига давлат фискал мажбуриятларининг ҳисоб-китобини йўллайди;
- Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 10 иш куни ичида:
- умумий қиймати 1 млн АҚШ долларидан ортиқ бўлган ДХШ лойиҳасидаги давлатнинг фискал мажбуриятларини кўриб чиқади, келишади, рад этади ёки қайта ишлаш учун қайтаради;
- қиймати 1 млн АҚШ долларидан ортиқ бўлган ДХШ лойиҳаларини келишиш учун Вазирлар Маҳкамасига юборади;
- давлат шериги хусусий шерикни қабул қилинган қарор ҳақида хабардор қилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 24.10.2023 йилдан кучга кирди.
Собир Нурбердиев.