Фармацевтика маҳсулотларини постмаркетинг назоратидан ўтказиш тартиби белгиланди Вазирлар Маҳкамасининг 04.10.2024 йилдаги ВМҚ-628-сонли қарори билан “Фармацевтика маҳсулотларини постмаркетинг назоратидан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди.
Низом қуйидагиларни назарда тутади:
- маркетингдан кейинги назоратни амалга оширувчи ваколатли орган ва ишчи органнинг вазифалари;
- маркетингдан кейинги назоратни амалга ошириш тартиби ва муддатлари;
- постмарткетинг назоратини амалга оширишнинг молиявий назорати.
Постмаркетинг назорати ваколатли орган (Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги "Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази" ДМ) томонидан хўжалик юритувчи субъектларнинг молия-хўжалик фаолиятига аралашмаган ҳолда амалга оширилади.
Маркетингдан кейинги назорат учун қуйидагилар асос бўлади:
- ваколатли орган раҳбари томонидан ҳар ойда тасдиқланадиган маркетингдан кейинги назорат режаси;
- жисмоний ва юридик шахслардан, шу жумладан давлат органлари ва ташкилотларидан фармацевтика маҳсулотларининг сифати, хавфсизлиги, ноқонуний айланиши, ножўя таъсирлари бўйича маълумотлар ва мурожаатлар келиб тушиши;
- ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда ОАВ ахбороти ва жамоатчилик фикрини ўрганиш натижалари.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 05.10.2024 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова