Президентнинг 21.12.2018 йилдаги «Эркин иқтисодий зоналар фаолиятини мувофиқлаштириш ва бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони имзоланди. Ҳужжат матни ЎзАда жойлаштирилган.
Ҳужжатда эркин иқтисодий зоналар (ЭИЗ) ва уларнинг иштирокчилари фаолиятини тартибга солишга янги ёндашувлар белгиланди:
биринчидан, энди ЭИЗда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун ер ажратиш тўғрисида маъмурий кенгашларнинг (25.10.2017 йилдаги ПҚ–3356-сон қарорга мувофиқ ташкил этилган, таҳр.) баённомаси билан расмийлаштирилган қарорнинг ўзи етарли. Бундан буён туман (шаҳар) ҳокимининг ер майдонларини ажратиш тўғрисидаги алоҳида қарори талаб этилмайди;
иккинчидан, ЭИЗ ҳудудида лойиҳаларни жойлаштиришнинг мажбурий шарти жорий этилмоқда: фаолият бошланганидан кейин иккинчи молиявий йил якунларига кўра икки йил давомида йиллик ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг экспорт ҳажми камида 25%, кейинги йилларда эса камида 50%га етиши керак. Мазкур шартни бажармаган тадбиркорлик субъекти аввал тақдим этилган имтиёзлар (26.10.2016 йилдаги ПФ–4853-сон Фармоннинг 3–5-бандларига қаранг) бекор қилинган ҳолда ЭИЗ иштирокчиси мақомини йўқотади;
учунчидан, ЛБМА ҳузуридаги Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш марказининг роли оширилмоқда:
- лойиҳалар бизнес-режалари ёки техник-иқтисодий асосномалари бўйича Марказнинг ижобий хулосаси мавжуд бўлган тақдирдагина маъмурий кенгашлар ЭИЗ ҳудудида лойиҳани амалга ошириш тўғрисида қарорлар қабул қиладилар. Бунда хулоса 20 календарь куни мобайнида берилади, инвестиция буюртманомаларини кўриб чиқишнинг умумий муддати эса 30 календарь кунидан ошмаслиги лозим;
- ЭИЗ иштирокчилари томонидан имтиёзлар қўлланган ҳолда импорт қилинган барча товарларнинг божхона расмийлаштируви учун товарлар рўйхатини ҳар томонлама экспертизадан ўтказиш натижалари бўйича Марказнинг ижобий хулосаси зарур. Уни беришнинг чекланган муддати 15 календарь кунини ташкил этади;
тўртинчидан, ЭИЗ иштирокчиларига берилган имтиёзлар (26.10.2016 йилдаги ПФ–4853-сон Фармоннинг 3–5-бандларига қаранг) фақат ЭИЗ ҳудудида ишлаб чиқарилган маҳсулотларга татбиқ этилади.
Ташкилий тусдаги бир қатор масалалар тартибга солинди, хусусан:
- ЭИЗнинг бош режаларини маъмурий кенгашлар Қурилиш вазирлиги ва Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси билан келишган ҳолда тасдиқлайдилар;
- ЭИЗ дирекцияларининг раҳбарларини маъмурий кенгашлар Вазирлар Маҳкамаси билан келишган ҳолда тайинлайдилар ва лавозимидан озод этадилар;
- Ҳукумат ҳар чоракда ЭИЗ дирекциялари раҳбарларининг маъқулланган инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши бўйича ҳисоботларини эшитади.
Истиқболда ҳуқуқ ижодкорлиги борасида «Навоий» ЭИЗ фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида ҳужжат; Эркин иқтисодий зоналарни ривожлантириш концепцияси; Маъмурий кенгашлар ва дирекциялар фаолиятини ташкил этиш тўғрисида низом; тўғридан-тўғри амал қиладиган «Махсус иқтисодий зоналар тўғрисида»ги Қонунни (амалдаги «Эркин иқтисодий зоналар тўғрисида»ги Қонун ўрнига, таҳр.) ишлаб чиқиш назарда тутилган.
Олег Заманов.