Давлат ёнғин назорати органлари фаолиятини ташкил этиш ва амалга ошириш тартиби белгиланди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги маълум қилади.
Хабарда қуйидагиларга қисқача тўхталиб ўтилади:
биринчидан, ёнғин назорати инспекторлари ойлик иш режа-жадвали асосида ишлайдилар. Унга мувофиқ инспекторларга бириктирилган юридик ёки жисмоний шахсларга тегишли объектлар (мулкий комплекслар) текширувдан ўтказилади. Объектлар йилига камида икки маротаба – режали ва назорат тартибида текширилади. Бунда аҳоли яшаш уйларини текшириш хусусий мулк эгаларининг ёки ижарачининг розилиги асосида ўтказилади.
Таҳририятдан. Равшанки, мазкур ҳолда юридик шахслар деганда нотижорат ташкилотлар, яъни тадбиркорлик субъектлари жумласига кирмайдиган ташкилотлар тушунилади («Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонуннинг 3, 4-моддаларига қаранг). Бу қуйидаги далиллар билан асосланади:
а) 2018 йил 1 сентябрдан тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган режали текширувлар, шунингдек тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган назорат тартибидаги текширувлар бекор қилинди (27.07.2018 йилдаги ПФ-5490-сон Фармоннинг 4-бандига қаранг);
б) тадбиркорлик субъектларида текширув тайинлаш ва ўтказишнинг янги тартиби жорий қилинди. Натижада, уларда ёнғин назорати органлари томонидан қонунчилик бузилиши ҳолатлари ҳақидаги мурожаатларга асосан ёки хавфни таҳлил этиш натижалари бўйича (27.07.2018 йилдаги ПФ-5490-сон Фармонга 1-илованинг 1-сатрига қаранг) прокуратура органлари билан келишилган ҳолда, 1 кундан 10 кунгача муддатда текширувлар ўтказилади.
Автомобилларга сиқилган ва суюлтирилган газ қуйиш фаолияти билан шуғулланаётган тадбиркорлик субъектлари томонидан ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя этилиши устидан бир кунлик назорат тадбирлари Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида (тизимнинг фаолият юритиши ҳақида батафсил – бу ерда) рўйхатдан ўтказиш орқали прокуратурани хабардор этиш тартибида прокуратура органлари билан келишилган рўйхатга (27.07.2018 йилдаги ПФ-5490-сон Фармонга 2-илованинг 15-сатрига қаранг) мувофиқ кўпи билан бир йилда 1 марта ўтказилади;
в) Давлат ёнғин назорати тўғрисида низомнинг 24-бандига мувофиқ тадбиркорлик субъектларига тегишли бўлмаган объектлар давлат ёнғин назорати органлари томонидан йилига камида икки маротаба текширилиши керак.
Режада кўрсатилган айрим тадбирлар бажарилмай қолган тақдирда, инспектор бунинг сабаблари ҳақида билдирги ёзади. Бундан ташқари, инспекторлар доимий равишда ёнғин хавфсизлиги бўйича тарғиботни олиб борадилар;
иккинчидан, инспекторлар ҳар бир ёнғин юзасидан 10 суткадан кечиктирилмаган муддатда терговга қадар текширув ишларини олиб борадилар (ЖПКнинг 3202-моддасига қаранг). Мазкур муддат бир ойгача узайтирилиши мумкин;
учинчидан, ёнғин назорати органлари томонидан МЖТКнинг 84-моддаси (ўрмонларда ёнғин хавфсизлиги талабларини бузиш), 124-моддаси (транспортда ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш), 211-моддасида (ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар кўриб чиқилишини белгиловчи аниқлик киритилмоқда.
Шарҳ ҳужжат расман эълон қилинганидан кейин тўлдирилиши ёки ўзгартирилиши мумкин.
Ленара Хикматова.