Вазирлар Маҳкамасининг 18.01.2021 йилдаги «Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсатини 2025 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги 23-сон қарори қабул қилинди.
Концепция БМТнинг «Ёшлар–2030» стратегиясида белгиланган «Ёшлар манфаатларини кўзлаб, улар билан ишлаш» бош тамойилига асосланади. Шунингдек ҳужжат билан Концепцияни 2021-2022 йилларда амалга ошириш бўйича «йўл харитаси» тасдиқланди. Концепция 2023 йилдан бошлаб ҳар йили тасдиқланадиган тегишли «йўл хариталари» асосида босқичма-босқич амалга оширилади.
Ёшлар ишлари агентлигига вазирлик ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда қуйидаги вазифаларни амалга ошириш топширилди:
- 2022 йилдан бошлаб ҳар йили 1 декабрга қадар тегишли «Йўл харитаси» бажарилиши якунларини батафсил ўрганиш асосида кейинги йил учун «Йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритиш;
- тегишли «йўл хариталари»нинг бажарилиши устидан доимий мониторинг олиб бориш.
Концепцияда қуйидаги вазифаларни бажариш назарда тутилган:
- ёшларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган ҳуқуқий базани такомиллаштириш;
- таълимнинг барча босқичларида ёшларнинг сифатли таълим олишини таъминлаш, ҳудудларда инклюзив таълим ривожланиши учун шарт-шароит яратиш;
- ёшларга муносиб меҳнат шароитларини яратиш, уларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш;
- ёшларни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, ёшларда ахборот технологияларидан фойдаланиш кўникмаларини ривожлантириш, улар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини таъминлашга қаратилган «Беш муҳим ташаббус»ни амалга ошириш;
- ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бор ёшлар, меҳрибонлик уйларида тарбияланган, етим болалар, боқувчисини йўқотган ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни қўллаб-қувватлаш;
- ёшларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, ёшлар жамоат ташкилотлари ва волонтёрлик ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш ва бошқалар.
«Йўл харитаси»га мувофиқ режалаштирилган айрим тадбирлар:
- «Болалар Омбудсмани тўғрисида»ги қонунни қабул қилиш;
- БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенцияси лойиҳаси бўйича ёшлар иштирокида кенг доирада муҳокамаларни ташкил этиш;
- Ўзбекистон ёшлари порталини ташкил этиш ва унда ёшлар сиёсатини баҳолаш миллий индекслари, ёшларга оид қонун ҳужжатлари базасини ва «Ёшлар мурожаати» электрон платформасини шакллантириш;
- ёшларнинг инновацион, амалий ва истиқболли стартап лойиҳаларига грант маблағлари ажратиш;
- халқаро ёш тадбиркорлар бизнес форуми ва стартап тадбирларини ўтказиш;
- маиший зўравонликка учраётган ёш хотин-қизларни аниқлаш ва уларни ҳимоя қилишнинг таъсирчан механизмларини ишлаб чиқиш;
- «Биз биргамиз» шиори остида волонтёрлар форумини ташкил этиш;
- барча меҳрибонлик уйларида тарбияланувчиларнинг инсон омилидан зарар кўриш ҳолатларини олдини олиш мақсадида ҳудудий мониторинг гуруҳлари фаолиятини йўлга қўйиш;
- 2021 йил якунига қадар 102 та туман (шаҳар)да рақамли технологиялар ўқув марказларини ташкил этиш.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 19.01.2021 йилдан кучга кирди.
Наргиза Воҳидова.