Вазирлар Маҳкамаси 04.05.2021 йилдаги “Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Энергетика муаммолари институтини ташкил этиш тўғрисида”ги 273-сон қарорни қабул қилди.
Фанлар академиясининг Энергетика муаммолари институти "Ўзбекэнерго" АЖ Илмий-техника маркази" МЧЖ негизида ташкил этилади. У давлат муассасаси шаклидаги юридик шахс ҳисобланади.
Қуйидагилар институтнинг асосий вазифалари ҳисобланади:
- мамлакатда энергетика барқарор ривожланишининг келажак стратегиясини ишлаб чиқиш, ўрта ва узоқ истиқболда ёқилғи-энергетика комплексининг ривожланиши ва модернизацияси бўйича дастурларни тайёрлашда иштирок этиш;
- муқобил энергия асосидаги янги технологиялар, энергетик ускуналар ва тизимларнинг республика иқлим шароитларида ресурс кўрсаткичларини ўрганиш мақсадида синовларни амалга ошириш;
- иқтисодиёт тармоқлари энергия сарфини пасайтириш бўйича комплекс тадқиқотларни ўтказиш ва аниқ тавсиялар ишлаб чиқиш;
- энергетика соҳасида рақамли иқтисодиёт ривожланишининг устувор йўналишларини ишлаб чиқиш, "интеллектуал тармоқлар" назариясини ривожлантириш ва энергетика соҳасига жорий этиш усулларини ишлаб чиқиш;
- мамлакатнинг энергетик хавфсизлигини таъминлаш, табиий ва техноген тусдаги фавқулодда вазиятларда ёқилғи-энергетика комплекси объектларининг барқарор фаолиятини таъминлаш бўйича илмий тадқиқотлар олиб бориш;
- минтақанинг қўшни давлатлари ўртасида ёқилғи-энергия манбаларидан биргаликда фойдаланиш бўйича илмий асосланган тавсиялар ишлаб чиқиш ва бошқалар.
Институт тузилмаси ва давлат бюджети маблағлари ҳисобига молиялаштириладиган илмий ходимлари сонини 2025 йил 1 январгача босқичма-босқич мақбуллаштириш жадвали тасдиқланди.
Қуйидагилар Институт фаолиятини молиялаштириш манбалари ҳисобланади:
- давлат бюджети маблағлари;
- Инновацион ривожлантириш вазирлиги томонидан ажратиладиган маблағлар;
- жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;
- қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 5.05.2021 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова.