Вазирлар Маҳкамасининг 4.03.2020 йилдаги 120-сон қарорида «Аммофос-Максам» АЖ ва «Қизилқум фосфорит комплекси» МЧЖ фаолиятини яхшилаш бўйича чора-тадбирлар белгиланган.
Қабул қилинган ҳужжат билан кон-металлургия тармоғидаги кимё саноатида ислоҳотлар ўтказиш ва унинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш ишлари давом эттирилади (шарҳларни бу ерда, бу ерда ва бу ерда қаранг).
Амалга оширилиши белгиланган чора-тадбирлар истисно тариқасида қуйидагиларни назарда тутади:
- «Аммофос-Максам» АЖ устав капиталидаги 51% акциялар пакетини «Олмалиқ КМК» АЖга 5 йил муддатга ишончли бошқарувга бериш;
- «Қизилқум фосфорит комплекси» МЧЖдаги 100 фоиз улушни номинал қийматда «Олмалиқ КМК» АЖ устав капиталига давлат улуши сифатида киритиш.
Ушбу вазифаларни бажариш учун чора-тадбирлар дастури тасдиқланган, у ҳужжатга иловада берилган.
«Олмалиқ КМК» АЖ томонидан «Ўзкимёсаноат» АЖ билан биргаликда 2020 йил 1 августга қадар «Аммофос-Максам» АЖ ишлаб чиқариш қувватларини тиклаш ва маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш бўйича инвестиция лойиҳасининг техник-иқтисодий асослари ишлаб чиқилади ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритилади. 6 ой муддатда инвестиция лойиҳасини молиялаштириш учун «Олмалиқ КМК» АЖ кафиллиги остида Хитой, Россия, Европа ва бошқа банкларнинг кредит маблағлари жалб этилади. Ишлаб чиқариш барқарорлигини таъминлаш мақсадида муҳандислар, техник мутахассислар ва техника воситалари пуллик шартнома асосида жалб қилинади.
Қизилқум фосфорит комплекси бўйича мажбуриятлар доирасида:
- фаолият турини ва мавжуд иш ўринларини сақлаган ҳолда, бир йил муддатда жамиятнинг молиявий-иқтисодий ҳолати яхшиланади;
- икки ой муддатда кон техникаси ва технологик ускуналарини босқичма-босқич янгилаган ҳолда, уларнинг барқарор ишлашини таъминлаш бўйича бизнес-режа ишлаб чиқилади;
- ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш даражаси биринчи йили 80%гача, иккинчи йили 100%га етказилади (йилига 716 минг тонна ювиб куйдирилган фосфорит концентрати) ҳамда «Indorama Kokand Fertillizers» АЖ ва бошқа ташкилотлар билан тузилган шартномаларга мувофиқ фосфорит хом ашёси барқарор етказиб берилади;
- технологик жараённи, ускуна ва техника воситаларини модернизациялаш учун уч ой муддатда зарур миқдорда кредит маблағлари жалб этилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 5.03.2020 йилдан кучга кирди.
Ленара Хикматова.