Вазирлар Маҳкамасининг 24.07.2017 йилдаги 537-сон қарори билан 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида юқумли касалликларга, шу жумладан вирусли гепатитларга ташхис қўйиш, улар профилактикаси ва уларни даволаш усулларини янада такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар тасдиқланди.
У ўз ичига тўртта асосий йўналиш бўйича чора-тадбирларни олади.
- юқумли касалликларга ташхис қўйиш, улар профилактикаси ва уларни даволаш масалалари бўйича норматив базани такомиллаштириш;
- сурункали вирусли гепатитлар профилактикаси, уларга ташхис қўйиш ва уларни даволаш чора-тадбирларини янада такомиллаштириш;
- Республикада юқумли касалликлар муассасаларининг моддий-техника базасини янада ривожлантириш ва модернизация қилиш;
- соғлиқни сақлаш тизимининг юқумли касалликлар муассасаларининг кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш.
Комплекс чора-тадбирларни молиялаштиришнинг умумий ҳажми 118,8 млрд сўм ва 6,39 млн АҚШ долларини ташкил этади.
Бундан ташқари, келаси йили мамлакатда гепатология марказлари очилади. Улар Соғлиқни сақлаш вазирлиги Вирусология ИТИ, Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар ИТИ ҳамда ҳудудий юқумли касалликлар касалхоналари тузилмаларида ташкил этилади.
Гепатология марказларининг вазифалари қуйидагилардан иборат:
- диспансер кўригидан ва профилактик тиббий кўрикдан ўтказишда аҳолини оммавий текширишни ташкил этиш мақсадида юқумли касалликлар ва вирусли гепатитларнинг лаборатория диагностикаси самарадорлиги оширилишини таъминлайди;
- эпидемиология, вирусология, микробиологияси, юқумли касалликлар профилактикаси, уларга ташхис қўйиш ва уларни даволаш масалалари бўйича фундаментал ва илмий-амалий тадқиқотларнинг асосий йўналишларини белгилашда, шунингдек тадқиқот натижаларини соғлиқни сақлаш амалиётига жорий этишда қатнашади;
- юқумли касалликлар, шу жумладан вирусли гепатитлар тарқалишининг олдини олиш бўйича профилактик, санитария-гигиеник ва эпидемияга қарши тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда қатнашади.
Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Олег Заманов,
экспертимиз.