Президентнинг 03.02.2022 йилдаги “Халқ таълими тизимини ислоҳ қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ф-22-сон Фармойиши қабул қилинди.
Халқ таълими тизимини янада ривожлантириш, соҳага доир янги ташаббусларни илгари суриш ва уларни қўллаб-қувватлаш, таълим ва тарбия сифатига бевосита ва билвосита таъсир қилиши мумкин бўлган масалаларни ҳал қилиш, масъул вазирлик ва идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг бу борадаги фаолиятини мувофиқлаштириб бориш мақсадида мазкур йўналишда қуйидагилар ташкил этилади:
- Халқ таълими тизимини ислоҳ қилиш бўйича миллий кенгаш;
- халқ таълими тизимини ислоҳ қилиш бўйича Қорақалпоғистон, вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашлари (кейинги ўринларда — ҳудудий кенгашлар);
- халқ таълими тизимини ислоҳ қилиш бўйича туман (шаҳар) кенгашлари (кейинги ўринларда — туман (шаҳар) кенгашлари).
Миллий кенгашнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:
- миллий таълим тизимини йўлга қўйиш, дарслик ва ўқув қўлланмаларини замон талаблари асосида такомиллаштириш ҳамда уларнинг янги авлодини яратиш, ўқув дастурларини илғор хорижий тажриба асосида оптималлаштириш бўйича ишларни мувофиқлаштириш;
- ўқитувчи касбининг мақоми ва обрўсини кўтариш, уларнинг моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватланишини таъминлаш, самарали меҳнат фаолияти учун муносиб шароитлар яратиш;
- Янги Ўзбекистон тараққиёти, бой маданий-тарихий мерос, миллий урф-одат, ватанпарварлик ва умуминсоний қадриятлар ғоялари асосида маънавий етук авлодни тарбиялашнинг самарали педагогик шакл ва методлари татбиқ этилишини ташкиллаштириш;
- умумий ўрта таълим муассасалари бино ва иншоотларини қуриш, реконструкция қилиш, жорий ва мукаммал таъмирлаш бўйича ишларни мувофиқлаштириш ва мониторингини олиб бориш, мазкур ишларда замонавий технологиялар ва энергия тежамкор материаллар қўлланилишини таъминлаш;
- халқ таълими соҳасидаги ишларнинг аҳволини тизимли таҳлил ва мониторинг қилиш, масъул вазирлик, идора ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг бу борада қилинган ишлар бўйича ҳисоботларини тинглаш, шу асосда уларни рағбатлантириш ёки жавобгарликка тортиш бўйича чоралар кўриш;
- халқ таълими соҳасидаги давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишни ташкиллаштириш, мазкур соҳадаги қонунчилик ҳужжатларини ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини янада такомиллаштириш ва бошқалар.
Ҳудудий кенгашларга туман (шаҳар) кенгашлари билан биргаликда 2022 йил 15 февралга қадар умумий ўрта таълим муассасалари директорлари, педагог кадрлар, ўқувчиларнинг ота-оналари, малакали мутахассислар ва хорижий экспертларни жалб қилган ҳолда халқ таълими тизимини ислоҳ қилиш бўйича туман (шаҳар) кесимида йиллик ҳудудий дастурларни ишлаб чиқиш ва кенг муҳокама қилиш учун расмий веб-сайтлар, ОАВ ва ижтимоий тармоқларда жойлаштириш топширилди.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 03.02.2022 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова.