Вазирлар Маҳкамасининг 19.07.2022 йилдаги «Халқ таълими вазирлиги тизимида ўқувчи-ёшларни келажак касбларига тайёрлаш марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 390-сон қарори қабул қилинди.
Қуйидагилар Марказнинг асосий вазифалари:
- умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари учун келажак касбларига йўналтирувчи тўгараклар фаолиятини ташкил этиш;
- ўқувчи-ёшларнинг бўш вақтларидан унумли ва мақсадли фойдаланиш, уларнинг ижодий, интеллектуал ва тадбиркорлик салоҳиятини ошириш, замонавий фанларни чуқур ўргатиш учун зарур шарт-шароитлар яратиш;
- ўқувчи-ёшларда мустақил қарор қабул қилиш кўникмаларини, ватанпарварлик, миллий ва умуминсоний қадриятларни мустаҳкамлаш, ахборот маконидаги турли таҳдидларга нисбатан соғлом иммунитетни ҳосил қилиш;
- ўқувчи-ёшларнинг мустақил ташаббус ва шахсий ғояларини илгари суриш, ҳаётий позицияга эга бўлишини таъминлашга йўналтирилган маҳорат дарсларини ҳамда маданий-маърифий тадбирларни ташкил этиш.
Ҳужжат билан белгиланишича, Марказ ходимларининг умумий чекланган сони - 30 нафарни ташкил этади.
Марказни молиялаштириш манбалари:
- Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар;
- юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;
- халқаро молия ташкилотлари ва хорижий давлатларнинг грантлари;
- қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.
2022 йил 1 сентябрдан бошлаб Марказ директори ва тўгарак раҳбарларининг меҳнати уларнинг фаолият самарадорлигини баҳолаш мезонлари асосида директор жамғармаси ҳамда Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Халқ таълими соҳасида ислоҳотларга кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан ҳар ойда қўшимча рағбатлантирилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 20.07.2022 йилдан кучга кирди.
Саодат Усманова.