Марказий банк Бошқарувининг қарори билан айрим идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартиришлар киритилди (рўйхат рақами 3285, 26.01.2021 й.).
Президентнинг 22.09.2020 йилдаги «Ўзбекистон Республикасида идентификация ID-карталарини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-6065-сон Фармонига мувофиқ 2021 йилдан бошлаб ID-карталар берилади.
Шу билан бирга, Вазирлар Маҳкамасининг 19.06.2017 йилдаги «Ички ишлар органлари тизимида давлат хизматлари кўрсатиш сифатини янада такомиллаштириш ва тартиб-таомилларини соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 389-сон қарорининг 6-бандига мувофиқ янги намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномасига шахсни тасдиқловчи расмий давлат ҳужжати мақоми берилди.
Қарорга мувофиқ Марказий банк раҳбарияти томонидан қабул қилинган 7 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатга ўзгартиришлар киритилди, уларга мувофиқ фуқаролар паспорт билан бир қаторда идентификация ID-карталари ёки миллий ҳайдовчилик гувоҳномаларини кўрсатиб, банк хизматларидан фойдаланишлари мумкин.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 26.01.2021 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова