Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
2024 йил декабрда қандай дам оламиз 2024 йил декабрь ойи учун бош бухгалтер режаси Корхонанинг ташкилий-ҳуқуқий шакли қандай ўзгартирилади Буюртмачи бухгалтерия ҳисобини қандай юритиши керак Солиқ кодексига мувофиқ ҚҚСсиз импорт жиҳозлар учун уч сценарий: сотиш, ижарага бериш ва фойдаланиш пайтидаги солиқ оқибатлари Ўзбекистонда 2024 йил декабрда нималар ўзгаради

Хорижда бўлган фуқароларнинг консуллик рўйхати қандай юритилади

20.02.2020

Рус тилида ўқиш

 

Ташқи ишлар вазирлиги Хорижда бўлган (бўлиб турган) Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг консуллик рўйхатини юритиш тартиби тўғрисидаги йўриқномани тасдиқлади (рўйхат рақами 3218, 10.02.2020 й.).

 

Хорижда доимий яшаётган ёки вақтинча бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар консуллик муассасаларида доимий ёки вақтинча консуллик рўйхатига олиниши лозим.

 

Консуллик рўйхатига олиниши учун фуқаролар қуйидаги шахсни тасдиқловчи ҳужжатлардан бирига эга бўлишлари керак:

  • Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг биометрик паспорти - Ўзбекистон Республикаси ҳудудида эгасининг шахсини ва Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигини тасдиқлайдиган, паспорт эгасининг шахсий биографик маълумотлари ва биометрик параметрлари сақланган электрон ахборот ташувчига (чипга) эга бўлган ҳужжат;
  • Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг хорижга чиқиш биометрик паспорти - хорижга чиқиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириш, шунингдек, хорижда туриш вақтида эгасининг шахсини ва Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигини тасдиқлайдиган, паспорт эгасининг шахсий биографик маълумотлари ва биометрик параметрлари сақланган электрон ахборот ташувчига (чипга) эга бўлган ҳужжат;
  • Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг нобиометрик намунадаги паспорти - мамлакат ҳудудида 2019 йил 31 декабргача, хорижий давлат ҳудудида эса амал қилиш муддати тугагунга қадар эгасининг шахсини ва Ўзбекистон фуқаролигини тасдиқловчи ҳужжат;
  • фуқаролиги бўлмаган шахснинг биометрик ҳаракатланиш ҳужжати - фуқаролиги бўлмаган шахслар учун.

 

Ўзбекистоннинг чет давлатда таъсис этиладиган дипломатик ваколатхонасининг консуллик бўлими, бош консулхонаси, консулхонаси, вице-консуллиги ва консуллик агентлиги консуллик муассасаси ҳисобланади.

 

Консуллик рўйхатига (доимий, вақтинча) консуллик муассасасининг ўзида ёки интерактив консуллик хизматлари веб-порталида (www.consulate.mfa.uz) олишлари мумкин.

 

Ўзбекистон фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни доимий консуллик ҳисобига олиш учун консуллик йиғимлари консуллик ҳаракатини амалга оширилганлиги билан боғлиқ ҳақиқий харажатларнинг ўрнини қоплаш ҳисобидан йиғимлар ундирилади. 16 ёшга тўлмаган болаларни  рўйхатга олиш учун консуллик йиғимлари ундирилмайди.

 

Доимий ёки вақтинча консуллик ҳисобига олингандан кейин ҳисоб маълумотларига ўзгартиришлар (Ф.И.О., яшаш манзилини ўзгартириш ва шу кабилар) киритилганда рўйхатга олиш варақасига (электрон рўйхатга олиш варақасига) тегишли қайдлар ва қўшимчалар киритилади.   Электрон рўйхатга олиш варақалари Ўзбекистон Республикаси ТИВнинг Ягона автоматлаштирилган ҳисобга олиш тизими (кейинги ўринларда - ЯАҲТ) маълумотлар базасида сақланади.

 

Хорижда доимий яшовчи фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар консуллик муассасаси рўйхатига олиниш учун қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

  • интерактив хизматлар веб-портали орқали белгиланган шакл бўйича тўлдирилган электрон рўйхатга олиш варақаси (бундай  имконият бўлмаганда ариза ва рўйхатга олиш варақаси белгиланган шакллар бўйича тўлдирилади);
  • шахсни тасдиқловчи ҳужжат;
  • 16 ёшга тўлмаган болаларнинг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномасининг (биометрик паспорт, нобиометрик паспорт, хорижга чиқиш биометрик паспорти ва ҳаракатланиш ҳужжати бўлмаганда) асли;
  • ота-онасидан бирининг нобиометрик паспортидаги бола ҳақидаги маълумотлар киритилган саҳифаси нусхаси (бундай қайд мавжуд бўлса);
  • чиқиб кетиш варақасининг ёки миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаси томонидан берилган биометрик ёки нобиометрик паспортга ёпиштирилган "Dоimiy yashashga ketishga ruxsat berildi" ёзувли стикернинг нусхаси;
  • хорижий давлатда бўлиб туришининг қонунийлигини тасдиқловчи ҳужжат (виза, яшаб туриш ҳужжати, вақтинча яшашга рухсатнома, паспортдаги қайдлар, маълумотномалар ва шу кабилар);
  • 3 х 4 см ўлчамдаги 1 дона фотосурат (электрон рўйхатга олиш варақасини тўлдиришнинг имкони бўлмаганда);
  • консуллик йиғими ва ҳақиқий харажатларнинг ўрнини қоплаш ҳисобига йиғимлар тўлангани тўғрисида квитанция.

 

Хорижга вақтинча яшаш учун чиқиб кетган ҳамда хорижда доимий яшашга қарор қилган фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар келгусида доимий консуллик рўйхатига қўйиш учун консуллик муассасасига мурожаат қилишлари мумкин.

 

Хорижга хизмат сафарига, ўқишга, даволанишга, ишга ва ўз оиласи билан бирлашиш учун чиқиб кетган фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар    6 ойдан ортиқ муддатга борган бўлса, вақтинча консуллик рўйхатига олинадилар. Хорижга сайёҳ сифатида, шахсий ишлари ёки бошқа мақсадларда 6 ойдан ортиқ бўлмаган муддатга чиқиб кетган, шунингдек мамлакат орқали транзит ўтиб кетаётганлар консуллик рўйхатига олинмайди.

 

Вақтинча консуллик рўйхати 4 йилгача бўлган муддатга расмийлаштирилади.

Вақтинча консуллик рўйхатига олиниш учун юқорида айтиб ўтилган тегишли ҳужжатлардан ташқари, тегишинча қуйидагилар тақдим этилади:

  • хизмат сафари тўғрисидаги буйруқ ёки хизмат сафари гувоҳномасининг нусхаси;
  • ўқиш жойидан маълумотнома ёки бошқа тасдиқловчи ҳужжатлар;
  • Ўзбекистон ёки бўлиб турган мамлакат тиббиёт муассасаси томонидан берилган тиббий ҳужжатлар;
  • хорижга ишлашга чиқиб кетганлар учун иш жойидан маълумотнома ёки меҳнат шартномасидан нусха;
  • никоҳ тузилганлиги тўғрисида гувоҳноманинг (оиласи билан бирлашиш мақсадида хорижга чиқиб кетганлар учун) ҳамда болаларнинг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномалари нусхалари;

 

Доимий ёки вақтинча консуллик ҳисобига қўйиш учун интерактив консуллик хизматлар веб-портали орқали мурожаат қилганда юқорида кўрсатилган ҳужжатларнинг "PDF" форматида сканер қилинган нусхалари жўнатилади.

 

Юқорида кўрсатилган барча ҳужжатлар тақдим этилган вақтнинг ўзида консуллик мансабдор шахси:

биринчидан, ариза берувчининг шахсини тасдиқлайдиган ҳужжатга имзо қўяди, консуллик муассасасининг муҳрини босади ва консуллик рўйхатига олиш санасини кўрсатган ҳолда қуйидаги ёзувлардан бирини қайд қилади, тегишинча:

  • “(консуллик муассасасининг номи ва унинг жойлашган манзили)да доимий консуллик рўйхатига олинди” ;
  • “(консуллик муассасасининг номи ва унинг жойлашган манзили)да 20 ___ йил "___" ______ дан 20 ___ йил "___" ______ гача вақтинчалик консуллик рўйхатига олинди" ;

иккинчидан, ЯАҲТ маълумотлар базасига вақтинча консуллик рўйхатига олинганлик тўғрисидаги маълумотларни киритади;

учинчидан, интерактив хизматлар веб-портали орқали консуллик рўйхатига олинган фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг электрон почта манзилига вақтинча консуллик рўйхатига олинганлик тўғрисидаги тегишли хабарномани жўнатади.

 

Агар инсоннинг бўлиб турган мамлакатида яшашни давом эттириш истаги бўлганда, консуллик мансабдор шахси вақтинча консуллик рўйхатига олиш муддатининг тугашидан бир ой олдин уни узайтириш учун мурожаат қилиш зарурлиги ҳақида, мурожаат қилинмаган ҳолда - унинг консуллик ҳисобидан чиқарилиши ҳақида огоҳлантиради.

 

Қуйидаги ҳолларда фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар консуллик рўйхатидан чиқарилиши мумкин:

  • бошқа консуллик округига доимий яшашга чиқиб кетганда;
  • хорижда вақтинча бўлиб туриш муддати тугаганда;
  • Ўзбекистон фуқаролигидан чиққанда (фуқароликни йўқотганда);
  • вафот этганда.

 

Фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар доимий ёки вақтинча консуллик ҳисобидан чиқиш учун тегишли ариза билан шахсан ёки ишончли вакил орқали консуллик муассасасига мурожаат қиладилар.  Шахсан келишининг имкони бўлмаганда, ариза почта ёки электрон почта манзили орқали консуллик мансабдор шахсини хабардор қилиш ва унинг келиб тушгани тасдиғини олиш шарти билан юборилиши мумкин.

 

Консуллик рўйхатидан чиқаришда консуллик мансабдор шахси томонидан аризачининг рўйхатга олиш варақасига (электрон рўйхатга олиш варақасига) тегишли ёзув киритилади ва унинг шахсни тасдиқловчи ҳужжатига рўйхатдан чиқарилганлик тўғрисида штамп, гербли муҳр ва консуллик мансабдор шахсининг имзоси қўйилади.

 

Интерактив хизматлар веб-портали орқали консуллик рўйхатига олинган фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни консуллик рўйхатидан чиқариш тегишли хабарномани уларнинг электрон почта манзилига юбориш орқали электрон шаклда амалга оширилиши мумкин. Ўзбекистонда бўлиб турган фуқаро ёки фуқаролиги бўлмаган шахсни консуллик рўйхатидан чиқариш учун ТИВнинг Консуллик-ҳуқуқий департаментига мурожаат қилиш лозим.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 10.02.2020 йилдан кучга кирди.

 

Анвар Иркаходжаев.


Валюталар курси

2024-11-29
  • USD:12865.05 (+0.00) сум
  • EUR:13550.76 (+0.00) сум
  • RUB:116.73 (+0.00) сум

Янги сонларда ўқинг

2024, 26 ноябрь№ 48