Янги таҳрирдаги Фуқаролик кодекси тайёрлана бошлади. Юридик шахсларнинг ташкилий-ҳуқуқий шаклларини мақбуллаштириш, корпоратив бошқарув самарадорлигини ошириш, Кодексга шартномаларнинг янги турларини киритиш ва ҳ.к. режалаштирилмоқда.
Президентнинг 5.04.2019 йилдаги «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик қонунчилигини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Ф–5464-сон фармойиши қабул қилинди. Давлатимиз раҳбари бир йил муддатда янги таҳрирдаги Фуқаролик кодексини ишлаб чиқиш ва уни 1.04.2020 йилгача Ҳукуматга киритишни топширди.
Фуқаролик кодекси – иқтисодий муносабатларни тартибга солувчи асосий норматив-ҳуқуқий ҳужжат. Амалдаги таҳрири 23 йил аввал (1995–1996 йилларда) қабул қилинган ва кўп жиҳатдан замонавий талаблардан ортда қолган.
Бажариладиган ишларнинг асосий йўналишлари Фуқаролик қонунчилигини такомиллаштириш концепциясида белгиланди.
Масалан, давлат-хусусий шериклик шартномаси, дилерлик шартномасини ҳуқуқий тартибга солишдаги, шунингдек улушли қурилиш, кластер ишлаб чиқариш, электрон тижорат, крипто-валюта айланмаси, ер участкаларини хусусийлаштириш ва уларга бўлган мулк ҳуқуқи масалаларидаги камчиликларни бартараф этиш режалаштирилмоқда.
Корпоратив муносабатларга алоҳида эътибор берилади. Юридик шахс директорининг фидуциар мажбуриятлари институти жорий этилади. Бошқача айтганда, бу – компания раҳбариятининг муассислар (акциядорлар) манфаатларига содиқлиги, унинг виждонан ишлаши, шунингдек мазкур нормаларни бузганлик учун жавобгарлиги тўғрисидаги қоидалар. Назарияда директорнинг фидуциар мажбуриятлари дастак сифатида хизмат қилади, акциялари улуши кам бўлган акциядорлар унинг ёрдамида компания раҳбарларининг фидуциар мажбуриятларга зид хатти-ҳаракатлари ва қарорлари устидан судга даъво аризаси бериш йўли билан уларнинг ишини кузата оладилар.
Бундан ташқари, хусусий ва унитар корхоналар масаласи кўтарилди. Ушбу ташкилий-ҳуқуқий шаклларда фақат битта мулкдор (муассис) бўлиши назарда тутилганлиги сабабли улар инвестицияларни жалб эта олмасликлари қайд этилди. Бундан ташқари, хусусий ва унитар корхоналар кўп жиҳатдан ўзаро ўхшаш бўлиб, бошқа шакллардан олинган қоидалар аралашмаси асосида фаолият юритади. Юридик шахсларнинг бир-бирига ўхшаш ва бозор муносабатларида кенг тарқалмаган турларини бекор қилиш таклиф этилди.
Эслатиб ўтамиз, солиқ ислоҳоти доирасида хусусий корхоналарни сақлаб қолишнинг мақсадга мувофиқлиги муҳокама қилинган эди. Хусусий ва оилавий корхоналар, шунингдек фермер хўжаликлари учун дивидендлар бўйича солиқ имтиёзини бекор қилиш режалаштирилган эди (Солиқ кодексининг 22-моддасига қаранг). Бироқ 2018 йил декабрда Парламент бундай қилишдан бош тортди. Бироқ 2019 йил декабрдаги сайловлардан сўнг Олий Мажлис ва Вазирлар Маҳкамаси таркиби ўзгариши мумкин, депутатлар ва Ҳукуматнинг ушбу масала юзасидан позицияси қандай бўлишини айтиш мушкул.
Самир Латипов.