Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Бухгалтерия ҳисоби ва солиқ солиш мақсадларида амортизация ҳисоблашнинг фарқи МИЗ иштирокчиларига фойда солиғи бўйича имтиёз қайси даромад турларига нисбатан қўлланилиши мумкин Геологик изланишларнинг солиқ ҳисоби қандай юритилади

Инвестиция шартномаси Ҳукумат билан қандай тузилади

06.05.2020

Рус тилида ўқиш

 

Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан чет эллик инвестор ўртасида инвестиция шартномаларини тузиш, ўзгартириш киритиш, тугатиш ва амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом қабул қилинди (30.04.2020 йилдаги 264-сон ВМҚга қаранг).

 

Ҳукумат билан инвестиция шартномалари, шу жумладан қонун ҳужжатларида белгиланганидан ташқари қўшимча кафолатлар ва қўллаб-қувватлаш чоралари (имтиёзлар ва преференциялар) бериш учун ҳам тузилади. Булар ҳукумат томонидан бериладиган кафолатлар, махсус божхона, солиқ ва тўлов режимлари, лойиҳаларни амалга оширишда кўмаклашиш, инвестиция дастурига киритиш ва бошқалардан иборатдир. Бироқ инвесторга бозорда устун мавқени яратувчи мутлақ ҳуқуқлар берилиши мумкин эмас.

 

Бунда чет эллик субъектларга кафолатлар ва қўллаб-қувватлаш чоралари:

  • барқарор иқтисодий ўсишни, мамлакат иқтисодиётининг илғор технологик ўзгаришини таъминловчи устувор тармоқларга;
  • республиканинг экспорт салоҳиятини мустаҳкамлаш ва кенгайтиришни, уни жаҳон хўжалик алоқаларига интеграциялашни таъминловчи устувор лойиҳаларга инвестиция киритишда ҳар бир аниқ ҳолатда берилади.

 

Бу – муҳим! Солиқлар, божхона тўловлари ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қўшимча имтиёзлар чет эллик инвесторлар томонидан ташкил этилган чет эллик инвестициялар иштирокидаги корхоналарга фақат аниқ белгиланган муддатга берилади ва муддатсиз бўлиши мумкин эмас.

 

Инвестиция шартномаси, шунингдек унга ўзгартиришлар ва қўшимчалар ёзма шаклда тузилади. Иккала ҳолатда ҳам тартиб-таомил бир хил бўлади. Шартномани Ҳукумат номидан Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги имзолайди. Бундай шартномани тузиш бўйича таклиф билан ташаббус кўрсатиш чет эллик инвестор томонидан мустақил равишда ёки давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ёхуд хўжалик юритувчи субъектлар билан биргаликда белгиланган тартибда амалга оширилади. Бунинг учун Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ёки Хорижий инвестицияларни жалб этиш агентлигига қуйидагилар топширилади:

  • инвестиция шартномаси тузишнинг мақсади, инвестиция фаолияти объектига инвестиция киритиш ҳамда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш юзасидан мавжуд тажрибаси (мавжуд бўлган тақдирда) тўғрисидаги маълумотларни кўрсатган ҳолда ариза;
  • тасдиқланган намунавий шаклдаги инвестиция шартномаси лойиҳаси;
  • ваколатли органларда экспертизадан ўтказилган техник-иқтисодий асослаш (техник-иқтисодий ҳисоблаш) асосида бажарилган лойиҳа бизнес-режаси (зарурат бўлганда).

 

Адлия вазирлиги, Молия вазирлиги ва Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, ДБҚ ва ДСҚ томонидан ўз ваколатлари доирасида хулосалар берилади.

 

Шартнома лойиҳаси ва бошқа материаллар олинган кундан бошлаб 15 кун мобайнида кўриб чиқилади. Қўшимча ўрганиш, текшириш ёки бошқа чора-тадбирлар кўриш талаб этилган ҳолларда, муддат бир ойга узайтирилиши мумкин. Бу ҳақда инвесторга ёзма равишда хабар қилинади.

 

Барча ваколатли органлар билан келишилганидан сўнг инвестиция шартномаси Вазирлар Маҳкамасига киритилади, у ерда шартнома кўриб чиқилади ва маъқулланади ёки эътирозлар бўлган тақдирда қайта ишлаш учун қайтарилади. Маъқулланган инвестиция шартномаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан имзоланади, бундан кейин идора шартномани тасдиқлаш тўғрисидаги ҳукумат қарори лойиҳасини тайёрлайди ва Вазирлар Маҳкамасига киритади. Шартнома уни тасдиқлаш тўғрисидаги қарор қабул қилинган санадан бошлаб ёки унда белгиланган муддатда кучга киради.

 

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги шартнома бўйича мажбуриятларнинг бажарилиши мониторингини олиб боради. Чет эллик инвестор шартномада белгиланган тартибда ва муддатларда ҳисоботлар тақдим этади.

 

Қўшимча кафолатлар ва қўллаб-қувватлаш чораларининг (имтиёзлар ва преференцияларнинг) амал қилиш муддати инвестиция шартномасининг амал қилиш муддати тугаши билан тўхтатилади ёки шартномада назарда тутилган тартибда бундай муддат тугашидан аввал тўхтатилиши мумкин.

 

Юқорида баён этилган тартиб 10 млн АҚШ долларидан кўп бўлмаган эквивалентда чет эл инвестицияси улуши бўлган лойиҳаларни амалга оширишда ҳудудий ҳокимият органлари билан тузиладиган инвестиция шартномаларига татбиқ этилмайди.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 1.05.2020 йилдан кучга кирди.

 

Олег Заманов.