Президентнинг 19.07.2021 йилдаги «Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-5188-сон қарори қабул қилинди.
Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар тармоғини кенгайтириш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, уларнинг иқтидорли ёшларни аниқлаш, танлаш, ўқитиш ва тарбиялаш тизимини такомиллаштириш борасидаги фаолиятини давом эттириши учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида:
- Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги Президент таълим муассасалари агентлиги (кейинги ўринларда – Агентлик) этиб қайта номланади;
- Агентлик ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш жамғармаси Иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси (кейинги ўринларда – Жамғарма) этиб қайта номланади.
Қуйидагилар тасдиқланди:
- Иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси Васийлик кенгаши;
- Агентлик тизимидаги мактабларни қуриш, таъмирлаш ҳамда зарур мебель жиҳозлари, ўқув адабиётлари ва моддий-техника воситалари билан таъминлаш бўйича 2021-2025 йилларга мўлжалланган манзилли рўйхат;
- Агентлик тизимидаги ижод мактаблари фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича «йўл харитаси».
2021-2025 йилларда Агентлик тизимида 13 та янги ихтисослаштирилган мактаблар қурилади ва мавжуд 5 та ижод мактаби таъмирланади.
2021 йил 1 сентябрга қадар:
- халқаро (International Advanced Levels) дастурлар талабларига мувофиқ ўқувчи ва педагог кадрларнинг STEAM фанлари бўйича билим ва кўникмаларни баҳолаш амалиёти жорий қилинади;
- Президент мактабларида ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш, уларга кейинчалик ўқишини давом эттириш учун олий таълим муассасаларини танлашда кўмаклашишга қаратилган «Мактаб маслаҳатчиси» (School Councilor) дастури жорий этилади;
- Агентлик тизимидаги ихтисослаштирилган мактабларда алоҳида таълимга эҳтиёжи бўлган болалар учун инклюзив ИТ таълим жорий қилинади.
2021/2022 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистонда фаолият юритаётган хорижий олий таълим ташкилотлари ва уларнинг филиаллари ҳамда нодавлат олий таълим ташкилотларига тўлов-контракт асосида ўқишга кирган Президент мактаблари битирувчиларига тўлов-контракт суммасини қоплаш учун субсидия тўланади.
Қуйидагиларга тест синовларисиз ва қўшимча имтиҳонларсиз, умумий белгиланган қабул параметрларидан ташқари давлат олий таълим ташкилотларига ўқишга кириш ҳуқуқи берилади:
- Президент мактаблари битирувчиларига – қўшимча давлат гранти асосида;
- Агентлик тизимидаги ихтисослаштирилган мактабларнинг битирувчиларига – кимё, биология, физика ва ахборот технологиялари соҳалари учун кадрлар тайёрлайдиган бакалавриат таълим йўналишларига базавий-тўлов контракт асосида;
- Агентлик тизимидаги ижод мактабларининг битирувчиларига – тилшунослик, адабиёт, педагогика ва журналистика соҳалари учун кадрлар тайёрлайдиган бакалавриат таълим йўналишларига базавий-тўлов контракт асосида.
Халқаро дастурларнинг «А» ва «В» даражадаги A-LEVEL сертификатларига эга бўлган абитуриентлар давлат олий таълим ташкилотларига ўқишга киришда сертификат берилган фан бўйича кириш имтиҳонидан озод этилади ҳамда уларга мазкур фандан максимал балл берилади.
Шунингдек қарор билан Агентлик ҳузурида юридик шахс мақомидаги Педагогик маҳорат ва халқаро баҳолаш маркази ташкил этилиши назарда тутилган.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 19.07.2021 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова.