Вазирлар Маҳкамаси 26.07.2021 йилдаги “Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг Россия Федерациясидаги ваколатхонаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 463-сон қарорни қабул қилди.
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг Москва шаҳридаги ваколатхонаси Президентнинг "Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2021 йил 15 мартдаги ПҚ-5026-сон қарорига мувофиқ таъсис этилган.
Қабул қилинган ҳужжат билан Ваколатхонанинг асосий вазифалари белгиланди:
- олий даражадаги ташрифлар якунлари бўйича "йўл хариталари"га киритилган Россия Федерацияси билан савдо-иқтисодий, инвестиция ва молиявий-техник ҳамкорлик соҳасидаги аниқ лойиҳалар ва дастурларнинг амалга оширилишини таъминлаш;
- хорижий инвестициялар, шу жумладан, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялари, илғор технологиялари ва молиявий-техник кўмак дастурлари, инвестиция фондлари ва молия институтлари маблағларининг жалб этилиши ва ўзлаштирилишини таъминлаш;
- Россия Федерацияси бозорига маҳаллий маҳсулотлар ва хизматлар экспорти ҳажмларини ошириш ва ўзаро товар айланмаси номенклатурасини кенгайтиришга кўмаклашиш;
- Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси иқтисодиётлари тармоқларининг саноат кооперациясини ривожлантириш ҳамда ҳудудлараро ҳамкорликдаги саноат ярмаркаси ва кўргазмаларини самарали ўтказишни ташкиллаштириш;
- ташқи савдо инфратузилмасини ривожлантириш, транзит салоҳиятини ошириш, логистика ва транспорт йўлакларини такомиллаштириш, экспорт йўналишларини диверсификация қилиш, Ўзбекистон Республикаси ташқи савдо юкларини ташиш ва транзит қилиш учун имтиёзли режимларни қўллаш бўйича таъсирчан чоралар кўриш.
Ҳужжат билан Ваколатхонанинг тузилмаси ва штат жадвали (ходимларнинг чекланган сони 7 кишидан иборат), шунингдек, 2021 йилнинг 6 ойидаги унинг харажатлар сметаси тасдиқланди.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 27.07.2021 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова.