Ҳукумат фуқароларнинг умумий жисмоний тайёргарлиги даражасини белгиловчи “Алпомиш” ва “Барчиной” синов машқлари тизимини тартибга солди (ВМнинг 29.01.2019 йилдаги 65-сон қарорига қаранг).
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг декабрь ойида давлатимиз раҳбари юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси, аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллиги даражасини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирларни тасдиқлади (18.12.2018 йилдаги ПҚ-4063-сон қарорга қаранг).
Шулар қаторида, аҳолининг кенг қатламлари ўртасида қуйидагиларни ўз ичига олувчи “Алпомиш” ва “Барчиной” махсус тестларини ўтказишга қарор қилинди:
- аҳолининг умумий жисмоний тайёргарлиги даражасига спорт меъёрлари ва давлат талабларини белгилаш;
- аҳолининг турли ёш гуруҳлари ўртасида спорт мусобақаларини ўтказиш;
- юқори натижаларни қўлга киритган фуқароларни I, II ва III даражали “Алпомиш” ва “Барчиной” кўкрак нишони билан тақдирлаш.
Тестлар спорт мусобақалари тарзида ташкил этилади. Уларни барча хоҳловчилар 6 ёшдан бошлаб топширишлари мумкин, жами 12 та ёш тоифаси назарда тутилган. Меъёрлар бир нечта спорт фанлари кесимида тасдиқланган. Тестлар бир йилда 2 маротаба ўтказилади. Иштирок этиш истагини билдирганларга мажбурий ва ихтиёрий меъёрларни топшириш таклиф қилинади.
Масалан, 26-33 ёш тоифаси учун меъёрлар қуйидагилар:
Мажбурий синовлар |
Ихтиёрий синовлар |
30 ва 60 м.га югуриш |
Югуриб келиб ёки жойдан узунликка сакраш |
2000 м.га югуриш |
500 ёки 700 гр спорт анжомини улоқтириш |
Чалқанча ётган ҳолда гавдани кўтариш |
Куракда ётган ҳолда оёқларни жуфтлаштириб юқорига 90 даражага кўтариш |
Гимнастика ўриндиғидан оёқ тиззаларни букмай олдинга эгилиш |
100 м.га эркин сузиш |
16 кг гирани бир қўлда юқорига кўтариб тушириш |
Баскетбол тўпини 3 м.дан саватга ташлаш |
Дартс (3 м. дан нишонга) |
|
Теннис тўпи билан 5 м узоқликдаги 20x20 см. нишонни уриш |
|
Дам олиш масканларида сайр қилиш 5 км |
Синовларни муваффақиятли топширган фуқароларга нафақат “Алпомиш” ва “Барчиной” кўкрак нишони (мажбурий синовлар топширилганда), балки спорт разряди ва унвон ҳам топширилади.
Кўкрак нишонлари тўғрисида низом, уларнинг тавсифи ва гувоҳнома намунаси, шунингдек тест меъёрлари мезонлари ҳужжатга иловада келтирилган.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 30.01.2019 йилдан кучга кирди.