Президентнинг 23.02.2023 йилдаги “Касаначиликни янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-70-сон қарори қабул қилинди.
Аҳолининг бандлигини таъминлаш ва даромадларини кўпайтириш учун иш берувчиларга ўзини ўзи банд қилган шахсларни касаначи сифатида товарлар ишлаб чиқариш, ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатиш фаолиятига жалб қилишга рухсат берилади.
Бунда касаначи сифатида жалб қилинган ўзини ўзи банд қилган шахсларга касаначилик фаолияти учун назарда тутилган имтиёз ва преференциялар билан бирга ўзини ўзи банд қилган шахслар учун белгиланган имтиёз ва преференциялар ҳам қўлланилади.
Ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган 19 та қўшимча фаолият турларии рўйхати тасдиқланди.
2023 йил 1 мартдан 2026 йил 1 январга қадар уч ойдан ортиқ муддатга ўттиз нафардан зиёд касаначиларни белгиланган тартибда жалб қилган ва касаначилик асосида ишлаб чиқарилган маҳсулотларни (кўрсатилган хизматларни) реализация қилишдан олган даромадлари жами даромадининг 60 фоизидан кўпроғини ташкил этган тадбиркорлик субъектлари учун:
- фойда солиғи ва айланмадан олинадиган солиқнинг солиқ базаси 50 фоизга камайтирилган ҳолда, бироқ тадбиркорлик субъекти томонидан касаначиларга тўланган иш ҳақи миқдорининг 1,5 бараваридан ошмаган миқдорда ҳисобланади;
- давлат мулки объектларидан фойдаланганлик учун ижара тўловлари 50 фоиз миқдорида белгиланади;
- давлат харидлари доирасида тузиладиган шартномаларда бюджет буюртмачилари томонидан 50 фоиз миқдорида олдиндан тўловни амалга ошириш назарда тутилади.
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Касаначиликни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилди. 2023 йил 1 мартдан бошлаб касаначиликни молиявий қўллаб-қувватлаш чоралари Жамғарма маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Бунда тадбиркорлик субъектларига ҳар бир касаначининг дастлабки уч ой давомидаги касаначилик фаолияти учун бир ойлик ўртача даромади миқдорида бир марталик субсидия улар касаначиликни ташкил этган маҳаллалар жойлашган ҳудудидан қатъи назар ажратилади.
Тадбиркорлик субъектларига қуйидаги субсидиялар ажратилади:
- 2025 йил 1 январга қадар касаначилик билан шуғулланаётган ишсиз ва иш қидираётган, шунингдек, "Темир дафтар", "Аёллар дафтари", "Ёшлар дафтари" ёки "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри"га киритилган фуқароларга асбоб-ускуналар ва хомашё харид қилиш бўйича харажатларини қоплаш учун, бироқ ҳар бир касаначи учун БҲМнинг 30 бараваригача миқдорда бир марталик;
- касаначилик асосида уй шароитида ишлаётган ногиронлиги бўлган шахсларнинг иш жойини мослаштириш учун ҳар бир мослаштирилаётган иш жойи бўйича БҲМнинг 40 бараваригача миқдорда;
- касаначиларни касб-ҳунарга ўқитишга сарфланадиган харажатларини уч ойгача бўлган муддатда қоплаш учун, бироқ ҳар бир касаначи учун ҳар ойда БҲМнинг 2 бараваригача миқдорда.
2023 йилда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида ажратилаётган кредитларнинг камида 500 млрд сўми касаначилик ва ҳунармандчиликни ривожлантириш бўйича лойиҳаларни молиялаштиришга йўналтирилади.
Тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман (шаҳар) ҳокимларининг ёрдамчилари тавсияси асосида тадбиркорлик субъектларига айланма маблағларини тўлдириш учун:
- оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида ҳар бир жалб қилинган касаначи учун 2 млн сўмгача, бироқ жами 300 млн сўмгача йиллик 14 фоиз ставкада, 6 ойгача бўлган имтиёзли давр билан 3 йилгача муддатга револьвер кредитлар ажратилади;
- Жамғарма ҳисобидан ҳар бир жалб қилинган касаначи учун 1 млн сўмгача, бироқ жами 150 млн сўмгача 2 йилгача муддатга фоизсиз ссуда ажратилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 24.02.2023 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова.