Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Бухгалтерия ҳисоби ва солиқ солиш мақсадларида амортизация ҳисоблашнинг фарқи МИЗ иштирокчиларига фойда солиғи бўйича имтиёз қайси даромад турларига нисбатан қўлланилиши мумкин Геологик изланишларнинг солиқ ҳисоби қандай юритилади

Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш бўйича чора-тадбирлар қабул қилинади

26.03.2021

Рус тилида ўқиш

25 март куни Президент томонидан «Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, «Саховат» ва «Мурувват» интернат уйлари тизимини янада ривожлантириш тўғрисида»ги Фармон имзоланди.

 

Ҳужжатга мувофиқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари негизида Ўзбекистон Республикаси Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги (кейинги ўринларда – Агентлик) ва унинг ҳудудий бўлинмалари ташкил этилади.

 

Агентлик кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож бошқа тоифаларига тиббий-ижтимоий хизматлар кўрсатиш соҳасида ваколатли давлат бошқаруви органи ҳисобланади. Агентлик ўз фаолиятида Вазирлар Маҳкамасига бўйсунади ва ҳисобот беради.

 

Агентлик директори ва унинг ўринбосарлари Президент билан келишилган ҳолда Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.

 

Қуйидагилар Агентлик тизимига ўтказилади:

  • «Саховат» ва «Мурувват» интернат уйлари;
  • Ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш миллий маркази;
  • ногиронлиги бўлган шахслар учун ҳудудий реабилитация марказлари;
  • уруш ва меҳнат фахрийлари учун санаторий ва пансионатлар;
  • Республика тиббий-ижтимоий экспертиза инспекцияси ва унинг ҳудудий бўлинмалари;
  • Одам савдоси жабрдийдаларига ёрдам бериш бўйича Республика реабилитация маркази;
  • Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари «Саховат» ва «Мурувват» интернат уйлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармаси;
  • Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси.

 

Қуйидагилар Агентликнинг асосий вазифалари этиб белгиланди:

  • кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож бошқа тоифаларига тиббий-ижтимоий хизмат кўрсатиш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш;
  • тиббий-ижтимоий муассасаларнинг кексалар, ногиронлиги бўлган шахсларга хизмат кўрсатиш бўйича фаолиятини ташкил этиш ва бошқариш;
  • ногиронлиги бўлган шахсларни тиббий, касбий ва ижтимоий реабилитация қилиш соҳасида илмий тадқиқотлар ўтказилишини ҳамда мутахассислар тайёрланишини ташкил этиш;
  • муҳтож шахсларни протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация техник воситалари билан таъминлаш фаолиятини ташкил этиш;
  • одам савдосидан жабрланганларни тиббий-ижтимоий реабилитация қилиш ва психологик қўллаб-қувватлаш тизимини мувофиқлаштириш ва бошқалар.

 

Шунингдек «Саховат» ва «Мурувват» интернат уйларининг ҳамда Одам савдоси жабрдийдаларига ёрдам бериш бўйича Республика реабилитация марказининг асосий вазифалари белгиланди.

 

Давлат томонидан кўрсатиладиган тиббий-ижтимоий хизматларни такомиллаштириш бўйича «йўл харитаси» ҳамда Тиббий-ижтимоий муассасаларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш бўйича «йўл харитаси» тасдиқланди.

 

2021 йил 1 апрелдан бошлаб:

а) «Саховат» ва «Мурувват» интернат уйлари ҳамда Уруш ва меҳнат фахрийлари учун республика пансионатининг:

  • раҳбар ва шифокорлар ойлик лавозим маоши 1,5 бараварга;
  • ўрта ва кичик тиббиёт ходимлари ойлик лавозим маоши
    2 бараварга;
  • бошқа барча ходимлар ойлик лавозим маоши 1,2 бараварга оширилади;

б) қуйидагиларнинг:

  • Агентлик марказий аппарати ходимларининг ойлик лавозим маошини 1,5 бараварга;
  • Агентликнинг ҳудудий бошқармалари ва туман (шаҳар) бўлимлари ходимлари ойлик лавозим маоши 1,2 бараварга;
  • Республика тиббий-ижтимоий экспертиза инспекцияси марказий аппарати ва унинг ҳудудий комиссиялари ходимлари ойлик лавозим маоши 1,2 бараварга оширилади;

в) «Саховат» интернат уйлари ҳамда Уруш ва меҳнат фахрийлари учун республика пансионатида яшовчи ёлғиз пенсионерларга шахсий сарф-харажатлари учун камида тўланадиган ойлик пенсия миқдори 10%дан 20%гача оширилади.

 

Мавжуд муаммоларни тезкор ҳал этиш мақсадида тегишли туман ҳокими ва унинг ўринбосарларини «Саховат» ва «Мурувват» интернат уйларига бириктирилади.

 

Уруш ва меҳнат фахрийлари учун республика пансионатида 2021-2022 йилларда маданий-маърифий тадбирларни ўтказиш учун янги бино қурилади ва ушбу муассасага туташ ҳудудда «Нуронийлар» истироҳат боғи ташкил этилади.

 

2021 йил май ойидан бошлаб «Саховат» интернат уйлари ҳамда Уруш ва меҳнат фахрийлари учун республика пансионатидаги кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар йили бир марта Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси маблағлари ҳисобидан санаторийларда бепул соғломлаштириш ташкил этилади.

 

Ҳужжат 26.03.2021 йилда «Халқ сўзи» газетасида чоп этилган.

 

Эльмира Сиразиева.