Президентнинг 10.10.2022 йилдаги «Кимё ва газ-кимё саноатини стратегик ривожлантиришнинг мақсадли дастурини тасдиқлаш тўғрисида»ги ПҚ-388-сон қарори қабул қилинди.
Кимё ва газ-кимё саноатини ривожлантиришга қаратилган кимё технологик кластерларини ривожлантириш дастури маъқулланди. Дастурга мувофиқ қуйидагилар ташкил этилади:
- «Навоий кимё технопарки», «Фарғона кимё технопарки» ва «Қорақалпоғистон кимё технопарки»;
- «Ўзкимёсаноат» АЖ таъсисчилигида МЧЖ шаклида ҳар бир технологик кластерни бошқариш дирекциялари;
- «Ўзкимёсаноат» АЖ таркибида Кимё ва газ-кимё технологик кластерлари фаолиятини мувофиқлаштириш лойиҳа офиси.
Қонунчиликка мувофиқ махсус иқтисодий зоналар иштирокчилари ва уларнинг дирекциялари учун назарда тутилган солиқ ва божхона тўловлари бўйича имтиёзлар технологик кластерлар иштирокчилари ва дирекцияларига нисбатан ҳам татбиқ этилади.
Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларининг ер фонди тоифаси ўзгартирилиши билан боғлиқ қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги ишлаб чиқариши нобудгарчиликларининг ўрнини қоплаш бўйича компенсация тўловлари, истисно тариқасида, ундирилмайди.
2023 йил 1 апрелга қадар Халқаро молия корпорацияси билан биргаликда «Навоийазот» АЖда техник комплекс ўрганиш ишлари ўтказилади. 2023 йил 1 сентябрга қадар ушбу корхонани ривожлантириш стратегияси ишлаб чиқилади.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва Навоий вилояти ҳокимлиги 2023 йил 30 июнга қадар тоифаси ўзгартирилаётган суғориладиган ер участкалари майдонига тенг миқдорда янги ерлар ўзлаштирилишини таъминлайди.
Ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланган:
- Технологик кластерлар таркибига кирувчи ҳудудлар чегаралари;
- «Навоий кимё технопарки» технологик кластерини кенгайтириш учун қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар тоифасидан саноат мақсадларига мўлжалланган ерлар тоифасига ўтказиладиган ер участкалари рўйхати;
- Технологик кластерларни ташкил этиш ва ривожлантириш, кимё саноатида трансформация жараёнларини давом эттириш бўйича «йўл харитаси»;
- Инновацион кимёвий технологик кластерларда амалга ошириладиган инвестиция лойиҳалари рўйхати.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари миллий маълумотлар базасида эълон қилинган ва 11.10.2022 йилдан кучга кирган.
Лола Абдуазимова.