Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази директорининг қарори (рўйхат рақами 2242-3, 2017 йил 28 июль) билан Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларининг бакалавриатига талабаларни қабул қилишда тест синовларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга тузатишлар киритилди.
Қонунчиликка кўра, абитуриентлардан ҳужжатларни қабул қилишда қабул комиссияси «АБТ-Абитур» дастурига абитуриент, унинг дипломи ва бошқалар тўғрисидаги маълумотларни киритади. Энди ушбу дастурга тўлиқ давлат таъминотидаги етимлар ҳамда I гуруҳ кўзи ожиз ногиронлар тўғрисида маълумотлар ҳам киритилади.
Қабул комиссияси ҳар куни абитуриентлар ва уларнинг ота-оналарига таълим йўналишлари, ўқитиш шакли ва тили бўйича таълим муассасасига топширилган ҳужжатлар сони, шу жумладан, фан олимпиадалари ғолиблари, ҳарбий ва бошқа имтиёзга эга бўлган абитуриентлар томонидан топширилган ҳужжатлар сони ҳақидаги маълумотларни эълон қилиб боради. Мазкур рўйхат кенгайтирилди. Энди тўлиқ давлат таъминотидаги етим болалар бўлган ва I гуруҳ кўзи ожиз ногирон абитуриентлар томонидан топширилган ҳужжатлар ҳақидаги маълумотлар ҳам эълон қилиб борилади.
Қабул комиссиялари 20 июлгача (илгари - 16 июлгача) Давлат тест марказига қуйидаги маълумотларни қабул комиссиясининг раиси ва масъул котиби томонидан тасдиқланган ҳолда беради:
- абитуриентлардан тушган аризалар ҳақида маълумот;
- халқаро ва республика фан олимпиадалари, танлов ва мусобақалар ғолиблари рўйхати;
- чет эл фуқароси бўлган абитуриентлар рўйхати;
- ҳарбий қисм қўмондонлигининг тавсияномасига эга бўлган абитуриентлар рўйхати;
- тўлиқ давлат таъминотидаги етим болалар бўлган абитуриентлар рўйхати.
Бундан ташқари, қабул комиссияларига тўлиқ давлат таъминотидаги етим болалар бўлган ва I гуруҳ кўзи ожиз ногирон абитуриентлар ҳақидаги маълумотларни Давлат тест маркази орқали таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясига тақдим этиш мажбурияти юкланди.
Энди тест синови ўтказиш вақтида аудитория раҳбари ва кузатувчиларининг ёзув тахтаси (доска)га илиб қўйилган плакатдан фойдаланиб, жавоблар варақасини тўлдириш тартибини тушунтириш мажбурияти чиқариб ташланди. Жавоблар варақасининг ўзидан таълим муассасасининг коди ҳамда танлов коди олиб ташланди.
Бу - муҳим! Агар абитуриент жавоблар варақасида тўлиқ давлат таъминотидаги етим эканини кўрсатмаса (у шундай бўлган тақдирда), бундай жавоб варақалари бўйича натижалар чиқарилмайди.
Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Моҳина Мирзаева