Президентнинг 20.04.2017 йилдаги ПФ–5022-сон Фармони билан иқтисодий ночор корхоналарни қўллаб-қувватлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар тасдиқланди.
Тижорат банкларига аввал улар томонидан тақдим қилинган кредитларнинг қайтарилмаслиги натижасида банк мулкига ўтган кўчмас мулк объектлари негизида банк ва унинг бошқарув компанияларининг улушли иштироки 100%гача бўлган янги корхоналар ташкил этишга рухсат берилди.
Бундан ташқари, 2017 йилнинг 1 июлидан бошлаб банкрот корхоналарни банкларга сотиш танлов савдоларида амалга оширилади, бунда тижорат банклари ўртасида ким ошди савдолари ўтказилмайди.
Бу муҳим! Юқорида кўрсатиб ўтилган корхоналар стратегик инвесторга сотилган пайтдан эътиборан 3 йил мобайнида фойда солиғи, ягона солиқ тўлови, мол-мулк солиғи, ер солиғи тўлашдан озод этилади. Шунингдек, мамлакатда ишлаб чиқарилмайдиган ҳамда белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича янгидан ташкил қилинаётган корхоналар томонидан олиб келинадиган хом ашё, материаллар ва бутловчи буюмлар 2019 йил 1 апрелга қадар божхона тўловлари тўлашдан (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод этилади.
Шу билан бирга стратегик инвесторлар эндиликда сотилаётган корхоналар, шу жумладан янгидан ташкил этилган корхоналар, шунингдек уларнинг устав капиталидаги улушлар бўйича харид тўловларини бирйўла ёки харид суммасининг қолдиғига фоизлар ҳисоблаб ёзмасдан бўлиб-бўлиб тўлашни амалга оширишлари мумкин. Фақат харид тўловлари тўлиқ тўлангандан кейин тасарруф этиш ҳуқуқи инвесторга ўтади.
Ўтказилган хатлов натижасида учта рўйхат шакллантирилди:
- аввал тақдим қилинган кредитларнинг қайтарилмаслиги натижасида банклар мулкига қабул қилинган ҳамда улар негизида янги ишлаб чиқаришларни ташкил этиш бўйича инвестиция лойиҳалари амалга ошириладиган кўчмас мулк объектлари рўйхати. «Йўл хариталари» ва лойиҳаларни амалга оширишнинг тармоқли жадваллари 2 ой муддатда ишлаб чиқилади ва тасдиқлаш учун киритилади;
- объектлари бўйича банклар олдидаги қарздорликларни ундиришга қаратилган ижро иши юритилаётган, унинг якунларига кўра банклар мулкига ўтказиладиган ва янги ишлаб чиқаришлар ташкил этиладиган, шунингдек амалдаги ишлаб чиқаришлар модернизация қилинадиган алоҳида корхоналар. Ижро иш юритуви тугаганидан кейин банклар мулкига ўтказилган кўчмас мулк объектларидан келгусида самарали фойдаланиш юзасидан таклифлар — «йўл хариталари» тақдим этилиши даркор;
- ишлаб чиқариш майдонларида истиқболли инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш йўли билан молиявий соғломлаштириладиган корхоналар. Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ушбу йўналиш бўйича ишлайди.
Шунингдек, ҳужжат билан иқтисодий ночор корхоналарни тижорат банкларига сотиш бўйича Республика комиссиясининг янгиланган таркиби, унинг асосий вазифалари ва ваколатлари тасдиқланди.
Эслатиб ўтамиз, мазкур Республика комиссияси Президентнинг 18.11.2008 йилдаги ПФ-4053-сон «Иқтисодиёт реал сектори корхоналарининг молиявий барқарорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони билан тузилган.
Мазкур ҳужжатнинг матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Олег ЗАМАНОВ,
экспертимиз.