Вазирлар Маҳкамасининг 17.01.2022 йилдаги “Муқобил энергия орқали ишлайдиган иситиш тизимини жорий этган лимон етиштирувчиларни, шунингдек, янги лимонзорларни барпо этиш ва кўчатлар харид қилишни молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 24 -сон қарори қабул қилинди.
Лимон етиштириладиган иссиқхоналарни барпо этишда муқобил энергия (табиий газга нисбатан) қурилмалари қийматининг бир қисмини қоплаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. У субсидия ажратиш тартибини назарда тутади, ариза беришда зарур ҳужжатлар рўйхатини, шунингдек 5 йил мобайнида маблағлардан фойданиш юзасидан мониторинг олиб бориш тартибини белгилайди.
Муқобил энергия орқали ишлайдиган иситиш қурилмалари қийматининг 30%гача бўлган қисми Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлигининг Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.
Агентлик ва талабгор ўртасида субсидия ажратиш ҳақидаги шартнома тузилади, у талабгорнинг аризасида кўрсатилган асосий банк ҳисобварағига бир ой муддатда ўтказиб берилади.
Шунингдек, Янги лимонзорларни барпо этиш ва кўчатларни харид қилиш билан боғлиқ харажатларнинг бир қисмини қоплаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Ҳужжат билан субсидия ажратиш тартиби ўрнатилди, ариза беришда зарур ҳужжатлар рўйхати белгиланди. Низомга асосан, янги лимонзорлар барпо этиш ва кўчатлар харид қилиш билан боғлиқ харажатлар ҳар бир сотих учун 300 минг сўмдан ошмайдиган миқдорда субсидия сифатида қоплаб берилади.
Субсидия лимонзорларни барпо этиш ишлари якунланиб, туман ишчи комиссиясининг уларни фойдаланишга қабул қилиш юзасидан далолатномалари Агентликка тақдим этилгандан сўнг бир ой муддатда ажратилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 18.01.2022 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова.