Президент 20.12.2024 йилдаги "Ҳудудларда юқори иқтисодий ўсиш ва аҳоли бандлигини таъминлашнинг янги тизимини йўлга қўйиш ҳамда бу борада маҳаллий ҳокимликларнинг роли ва масъулиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-223-сон Фармонни имзолади.
Ҳужжат билан республика ва ҳудудлар кесимида 2025 йил учун иқтисодий ўсиш, ишсизлик ва камбағаллик даражасини камайтиришнинг мақсадли кўрсаткичлари тасдиқланди.
Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш йиллик дастурлари тегишинча Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар халқ депутатлари Кенгашлари томонидан маҳаллий бюджет параметрлари билан бирга тасдиқланади. Бунда 2025 йил учун дастурлар истисно тариқасида 2025 йил 1 февралгача тасдиқланади.
"Ўзбекистон – 2030" Стратегияси доирасида ҳудудларнинг табиий-географик жойлашуви, ихтисослашуви, меҳнат ресурслари ва инфратузилма имкониятларини ҳисобга олган ҳолда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажмини 6-7 фоизга ўсишини таъминлашга қаратилган саноат, қишлоқ хўжалиги, экспорт, инвестиция ва бошқа соҳалар бўйича кичик дастурлар ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.
Туман (шаҳар) маҳаллий бюджетлари харажатларини уларнинг даромадлари ва ички манбалари ҳисобидан тўлиқ қоплашга эришиш учун маҳаллий давлат ҳокимияти органларига қуйидаги молиявий имкониятлар ва ваколатлар берилади:
- 2025 йил 1 январдан туман (шаҳар) маҳаллий бюджетларига айланмадан олинадиган солиқ, юридик шахсларнинг мол-мулк солиғи, юридик шахслардан олинадиган ер солиғи, давлат активларини ижарага беришдан тушумлар – тўлиқ ҳажмда, шунингдек жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи тушумларининг камида 50 фоизини ўтказиш;
- маҳаллий давлат ҳокимияти органларига тегишли акциялар (улушлар)ни сотишдан тушган маблағларнинг 90 фоизини Қорақалпоғистон республикаси бюджети, вилоятлар бюджети, Тошкент шаҳар бюджети ва объект жойлашган туман (шаҳар) бюджети ўртасида тенг улушларда тақсимлаш.
Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ депутатлари Кенгашларига қуйидаги ваколатлар берилади:
- туман (шаҳарлар)нинг иқтисодий ривожланиш даражасидан келиб чиққан ҳолда якка тартибдаги тадбиркорлар учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг минимал ва чекланган қатъий миқдори доирасида солиқ ставкаларининг қатъий миқдорларини белгилаш;
- кўчмас мулкнинг 1 кв.м. учун ижара тўловининг белгиланган минимал ставкаларига – солиқ солиш мақсадида қўлланиладиган оширувчи коэффициентни (2 гача) қўллаш.
Туман (шаҳар) халқ депутатлари Кенгашларига қуйидаги ваколатлар берилади:
- сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкаларига пасайтирувчи ёки оширувчи коэффициентни – 0,7 дан 1,5 мартагача қўллаш (қишлоқ хўжалиги, коммунал хизмат кўрсатиш корхоналари, электр станциялари, шунингдек йирик солиқ тўловчилар бундан мустасно);
- норуда қурилиш материаллари бўйича ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқнинг қатъий ставкаларига оширувчи коэффициентни – 1,3 гача қўллаш (цемент ишлаб чиқариш учун мўлжалланган оҳактош бундан мустасно).
Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши Раиси ва вилоят ҳокимларига Тадбиркорлик инфратузилмасини ривожлантириш жамғармаси маблағларини драйвер лойиҳаларни амалга ошириш ва янги ер участкаларини ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан таъминлашга йўналтиришга рухсат берилади.
Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар ва туман (шаҳар) ҳокимликларига 2025 йил 1 мартдан икки йил ичида янги лойиҳаларни ишга тушириш ва янги иш ўринларини яратиш шарти билан маҳаллий давлат ҳокимияти органларига тегишли кўчмас мулк объектларини:
- тадбиркорлик субъектларига 10 йил муддатга тўғридан-тўғри ижарага бериш, шунингдек 4 йил давомида ижара тўловларини тўлаган ва ижара шартномаси шартларини бажарган тадбиркорларга – баҳолаш қиймати бўйича хусусийлаштириш ёки тўғридан-тўғри сотиш учун;
- чет тилларини ўқитиш ва малака сертификатини олиш бўйича фаолият юритувчи маҳаллий ва хорижий мутахассислар ёки ташкилотларга 5 йил муддатга ижарага бериш рухсат этилади.
Бундан ташқари туман (шаҳар) ҳокимликлари қуйидаги маъмурий ваколатлар билан таъминланади:
- давлат бошқаруви органлари ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида доимий алоқани яратиш учун туман (шаҳарлар)да Тадбиркорлар жамоатчилик кенгашини тузиш;
- 2025 йил 1 январдан 2026 йил 1 январгача бўлган даврда ҳуқуқий эксперимент сифатида туман (шаҳар) ҳокимликлари фаолиятини "Аҳоли ва тадбиркорлар манфаатларига хизмат қилиш" янги ёндашуви асосида ташкил этиш.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинди ва 2024 йил 23 декабрдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова