Вазирлар Маҳкамасининг 12.02.2025 йилдаги 83-сон "2025-2026 йилларда болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражасини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори қабул қилинди.
Президентнинг 23.09.2024 йилдаги “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-330-сон қарорига мувофиқ 2025 йил якунига қадар болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражасини 80 фоизга етказиш вазифаси қўйилган.
Ҳужжатга кўра қуйидагилар ташкил этилади:
- турмуш даражаси ва тўлов қобилияти юқори бўлган (кам таъминланган оилалар сони кам) маҳаллаларда ДХШ асосида нодавлат болалар боғчалари;
- олис ва чекка ҳудудлардаги маҳаллаларда (туман ва шаҳарлар марказида эмас) оилавий нодавлат болалар боғчалари;
- даромад даражаси паст (нисбатан кам таъминланган оилалар сони кўп) ва демографик ўсиш суръати юқори туманларда нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари ДХШ асосида ташкил этилиб, давлат кредитлари ва грантлари, шунингдек халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади;
- ижтимоий муассасаларнинг бўш турган биноларида қисқа муддатли гуруҳлар.
2025 йил якунига қадар кам таъминланган оилалардаги болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш режалаштирилган.
Ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланган:
- 2025-2026 йилларда болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражасини ошириш бўйича чора-тадбирлар дастури ҳамда 3-7 ёшдаги болаларни мактабгача таълим билан қамраб олишнинг мақсадли кўрсаткичлари;
- 2025-2026 йилларда 3-7 ёшдаги болаларни мактабгача таълим билан қамраб олишнинг мақсадли кўрсаткичлари;
- Жаҳон банкининг "Эрта ёшдаги болалар ривожланишини қўллаб-қувватлаш" лойиҳаси доирасида давлат мактабгача таълим ташкилотларининг ўйин майдончалари ва тайёрлов гуруҳларини стол ва стуллар билан жиҳозлаш кўрсаткичлари.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 12.02.2025 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова